Энди Робертсон Тоттенхемга ўтди: Роберто Де Зерби янги трансферни олқишлади

Тоттенхем жамоаси Ливерпул билан шартномаси якунланган тажрибали чап қанот ҳимоячиси Энди Робертсон билан эркин агент сифатида шартнома имзолаганини расман эълон қилди. Шотландия терма жамоаси сардори шу ёзда Лондон клубига кўчиб ўтади ва бош мураббий Роберто Де Зерби ихтиёрига қўшилади. Аввалроқ, қишки трансфер ойнасида амалга ошмай қолган ушбу трансфер ниҳоят муваффақиятли якунланди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
32 ёшли ҳимоячи январ ойида собиқ мураббий Томас Франк даврида ҳам Тоттенхем нишонида эди, бироқ Ливерпул Костас Тсимикасни Рома клубидан қайтара олмагани сабабли келишув бекор қилинган эди. Эндиликда Робертсон Мерсисайдаги тўққиз йиллик ёрқин фаолиятидан сўнг шимолий Лондонга йўл олмоқда. У ўзининг жанговар характери ва юқори даражадаги ўйин услуби билан танилган.
Янги трансфер ҳақида гапирар экан, Роберто Де Зерби шундай деди: "Энди — мен кўп йиллардан бери қадрлайдиган футболчи. У жамоамизга ажойиб техник сифатлар, тажриба ва етакчилик қобилиятини олиб келади. У узоқ вақт давомида энг юқори савияда ғолибликка эришган ва майдонда ҳам, кийиниш хонасида ҳам биз учун муҳим шахсга айланади".
Энди Робертсон 2017-йилда Халл Сити жамоасидан Ливерпулга ўтганидан бери 378 та ўйинда майдонга тушди. У Мерсисайдликлар сафида Чемпионлар лигаси, Англия кубоги, иккита Лига кубоги ва икки бор Англия Премер-лигаси чемпионлигини қўлга киритди. Тоттенхем спорт директори Ёхан Ланге ҳам футболчининг профессионаллиги клуб ривожи учун жуда муҳим эканини таъкидлади.
Янги жамоасига қўшилишдан олдин, Робертсон Шотландия терма жамоаси сафида шу ёзда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатида иштирок этади. Ҳозирда унинг ҳисобида терма жамоа сафида 92 та ўйин мавжуд. Бу Шотландия учун жорий асрдаги илк Жаҳон чемпионати иштироки бўлиши кутилмоқда.





























Изоҳлар 0
…