Джеймс Родригуез Луис Диазнинг Олтин тўпни ютишига ишонмоқда

Джеймс Родригуез Луис Диазнинг Олтин тўпни ютишига ишонмоқда

Колумбия терма жамоаси сардори Джеймс Родригуез жамоадоши Луис Диазни жорий мавсумдаги ажойиб ўйинларидан сўнг "Олтин тўп" учун муносиб номзод деб ҳисобламоқда. Тажрибали ярим ҳимоячининг таъкидлашича, агар терма жамоа жаҳон миқёсидаги турнирда узоққа бора олса, бу вингернинг жаҳон даражасидаги мақомини янада мустаҳкамлайди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.

Луис Диаз Бавария сафида ички чемпионатда муваффақиятли мавсумни ўтказди ва Бундеслига ҳамда Германия кубоги ғолиблигини қўлга киритди. 29 ёшли вингер барча мусобақаларда 26 та гол ва 23 та ассист қайд этиб, ҳайратланарли натижа кўрсатди. Жамоада фақат Майкл Олисе ундан кўпроқ ассист амалга ошира олди.

Джеймс Родригуез ўз ҳамюртининг имкониятларини юқори баҳолаб, шундай деди: "Луис Диаз ва Олтин тўп? Нега энди йўқ? Мен учун у ҳозирнинг ўзида дунёнинг энг кучли беш футболчисидан бири. Агар биз финалга қадар етиб борсак, у ушбу совринни ютиши мумкин".

Агар Луис Диаз ушбу нуфузли мукофотни қўлга киритса, у тарихдаги биринчи колумбиялик ғолибга айланади. Аввалроқ Радамел Фалкао 2012-йилда бешинчи, Джеймс Родригуезнинг ўзи эса 2014-йилда саккизинчи ўринни эгаллаган эди. Эслатиб ўтамиз, 2026-йилги "Олтин тўп" маросими Париждан Лондонга кўчирилган ва 26-октабр куни бўлиб ўтади.

Колумбия терма жамоаси айни дамда сўнгги тактик тайёргарликларни якунламоқда. Nestор Лорензо шогирдлари гуруҳ босқичида Ўзбекистон, Конго ДР ва Португалия терма жамоаларига қарши баҳс олиб боради. Жанубий америкаликлар ўз юришини 18-июн куни айнан Ўзбекистонга қарши ўйин билан бошлайди.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Nodirbek Razzokov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар