“Дунёнинг энг чиройли қизи”ни ҳозир таниш қийин

Бир вақтлар бутун дунё “энг чиройли қиз” сифатида тан олган француз модели Тилан Блондо бугун ҳам миллионлаб мухлислар эътибор марказида қолмоқда. Олти ёшидаёқ ноёб ташқи кўриниши билан машҳурликка эришган модель йиллар ўтиши билан нафақат ташқи қиёфаси, балки фаолияти билан ҳам кенг жамоатчилик эътиборини қозонди.

Тилан Блондонинг модельлик карьераси уч ёшида бошланган. Елисей майдонидаги тасодифий учрашув вақтида машҳур модельер Жан-Поль Готенинг агенти уни кўриб қолади ва қизчанинг онасига моделлар намойишида иштирок этиш таклифини беради. Дастлаб онаси бу фикрга қарши чиққан бўлса-да, Жан-Поль Готе қизалоқнинг подиумга чиқишини қатъий талаб қилади. Орадан бир кун ўтиб, Тилан илк бор катта саҳнага қадам қўяди.

Унга ҳақиқий шуҳрат 2007 йилда келди. Тиланнинг Vogue Enfants журнали муқовасида чоп этилган сурати кенг муҳокамаларга сабаб бўлди ва айнан шу даврдан бошлаб у “дунёнинг энг гўзал қизи” сифатида тилга олина бошланди.
Катта мода оламидаги дебютини эса 2017 йилда Миландаги мода ҳафталигида амалга оширди. У ерда Тилан Dolce & Gabbana бренди коллекциясини намойиш қилди. Кейинчалик модель ўзининг “энг чиройли қиз” деган образидан чиқиб, мустақил шахс сифатида танилишни хоҳлаганини ҳам айтган.

Бугунги кунда Тилан Блондо мода индустриясининг энг машҳур юзларидан бири саналади. У Miu Miu, Dolce & Gabbana, L'Oréal Paris, Versace, Ralph Lauren ва Hugo Boss каби жаҳон брендлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Шунингдек, у L'Oréal ва француз дизайнери Лолита Лемпика рекламаларининг асосий қаҳрамонига айланган.
Яқинда модель ўзининг Enalyht номли косметика ва соч парвариши маҳсулотлари брендини ҳам ишга туширди. Ижтимоий тармоқларда ҳам унинг машҳурлиги юқори бўлиб, Instagram саҳифасида 6,9 миллиондан ортиқ кузатувчиси бор.

Бир вақтлар “дунёнинг энг чиройли қизи” сифатида танилган Тилан Блондо бугун нафақат гўзаллиги, балки муваффақиятли карьераси ва бизнес лойиҳалари билан ҳам диққат марказида бўлиб қолмоқда.





























Изоҳлар 0
…