Мундиал натижалари Ўзбекистонга қимматга тушди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичидаги учта мағлубиятдан сўнг ФИФА рейтингининг онлайн ҳисоб-китобида ўн поғона пастлади. Терма жамоа 50-ўриндан 60-поғонага тушиб, жами 49,20 рейтинг очкосини йўқотди. Ҳозирги дастлабки ҳисобда Ўзбекистоннинг жамғармаси 1409,73 баллни ташкил этмоқда.
Ўзбекистон дастлаб Колумбияга 1:3 ҳисобида ютқазиб, 14,25 очкодан айрилди. Португалияга қарши 0:5 ҳисобидаги мағлубият яна 11,64 очко йўқотилишига сабаб бўлди. Конго ДРга қарши сўнгги учрашувдаги 1:3 ҳисобидан кейин эса жамоа ҳисоби яна 23,10 очкога камайди.
Гуруҳда биринчи ўринни эгаллаган Колумбия аксинча, рейтингда юқорилади. Жамоа Ўзбекистон ва Конго ДР устидан ғалаба қозониб, Португалия билан дуранг ўйнади. Дастлабки ҳисоб-китобга кўра, колумбияликлар 29,07 очко қўшиб олди ва 13-ўриндан 11-поғонага кўтарилди. Уларнинг умумий кўрсаткичи 1727,42 баллга етди.
Португалия гуруҳда бир ғалаба ва икки дуранг қайд этди. Конго ДР билан 1:1 натижа жамоага 12,76 очко йўқоттирган бўлса, Ўзбекистон устидан йирик ғалаба 11,64 очко қайтарди. Колумбия билан дурангдан кейин яна очко камайди. Натижада Португалия 1766,74 балл билан 5-ўриндан 8-поғонага тушди.
Конго ДР учун эса Ўзбекистон устидан қозонилган ғалаба катта ўсиш олиб келди. Африка жамоаси гуруҳда Португалия билан дуранг ўйнади, Колумбияга ютқазди ва Ўзбекистонни енгди. Шу натижалардан кейин Конго ДР 21,05 очко қўшиб, 46-ўриндан тахминан 41-поғонага кўтарилди. Жамоа ҳисобида 1495,48 балл бор.






























Изоҳлар 0
…