Туркияда ер таги чўкмоқда: минглаб улкан ўпқонлар пайдо бўлди

Туркиянинг марказий қисмида жойлашган Коня вилоятида сўнгги йилларда кузатилаётган қўрқинчли геологик ҳодиса олимлар ва маҳаллий аҳолини жиддий хавотирга солмоқда. Мамлакатнинг асосий қишлоқ хўжалиги ҳудудларидан бири саналган ушбу минтақада қурғоқчилик ва ер ости сувларининг кескин камайиши натижасида юзлаб улкан ўпқонлар ҳосил бўлмоқда.
Мутахассислар маълумотига кўра, Коня ҳавзасида ҳозиргача 684 та катта ўпқон қайд этилган. Уларнинг энг йирикларидан бири 228 метр кенглик ва 171 метр чуқурликка эга. Илгари бу каби ўпқонлар табиий равишда юзага келган бўлса, бугунги кунда уларнинг тез кўпайишига асосан инсон фаолияти сабаб бўлаётгани таъкидланмоқда.
Олимларнинг тушунтиришича, узоқ давом этаётган қурғоқчилик туфайли фермерлар ер ости сувларидан ортиқча фойдаланмоқда. Ҳудудда минглаб қонуний ва ноқонуний қудуқлар қазилган бўлиб, бу сув захираларининг тез тугашига олиб келган. Ер остидаги сув қатламлари камайгач, ер остидаги тоғ жинслари мустаҳкамлигини йўқотиб, ер юзаси кутилмаганда чўкиб кетмоқда.

WWF Türkiye маълумотларига кўра, Коня ҳавзасидаги қудуқларнинг катта қисми ноқонуний ҳисобланади. Мутахассислар бу ҳолат нафақат геологик хавфни кучайтириши, балки Туркиянинг озиқ-овқат хавфсизлигига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Геологлар айтишича, айрим фермерлар пайдо бўлган ўпқонларни ўзбошимчалик билан тўлдиришга ҳаракат қилмоқда. Бироқ бундай ёндашув хавфли бўлиб, ер остидаги бўшлиқ сақланиб қолгани учун чўкиш яна такрорланиши мумкин.
Мутахассислар муаммонинг асосий ечими сифатида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сувни кўп талаб қилувчи экинлар ўрнига иқлимга мос қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экиш ва замонавий сув тежовчи технологияларни жорий этишни таклиф қилмоқда.

Экспертлар огоҳлантиришича, агар ер ости сувларидан ортиқча фойдаланиш давом этса, Коня ҳавзасида ўпқонлар сони янада ортиши, бу эса қишлоқ хўжалиги ва бутун минтақа келажаги учун жиддий хавф туғдириши мумкин.






























Изоҳлар 0
…