Австралиялик аёл 24 соатда 7079 марта турникда тортилиб рекорд ўрнатди

Австралиялик аёл 24 соатда 7079 марта турникда тортилиб рекорд ўрнатди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Австралиялик 34 ёшли Оливия Винсон 24 соат ичида 7079 марта турникда тортилиб, аёллар ўртасида янги жаҳон рекордини ўрнатди.
  • У 2021 йилда полялик Паула Горло томонидан қайд этилган 4081 талик аввалги натижани деярли икки бараварга яхшилашга муваффақ бўлди.
  • Рекордга эришиш учун уч ой давомида тайёргарлик кўрган спортчи, машғулотлар жараёнида бицепс пайини шикастлаб олганига қарамай, ўз мақсадига етди.

Австралиялик 34 ёшли Оливия Винсон 24 соат ичида турникда 7079 марта тортилиб, аёллар ўртасидаги Гиннесснинг жаҳон рекордини янгилади. У аввалги натижани деярли икки бараварга ошириб, жисмоний чидамлилик борасидаги улкан ютуғи билан эътибор марказига тушди.

Қизиғи шундаки, бу ғоя дастлаб Оливиянинг турмуш ўртоғи ва мураббийи томонидан таклиф қилинган. Фитнес билан шуғулланувчи аёл аввалига бундай рекордни янгилаш мумкинлигига ишонмай, таклифни эшитиб кулган. Бироқ вақт ўтиши билан у бу мақсадга эришиш имкониятини жиддий ўргана бошлаган.

Оливия синовга тайёрланиш учун уч ой давомида машқ қилди. Аммо рекорд ўрнатишга уриниш жараёнида бицепс пайини шикастлаб олди ва турникда тортилишни давом эттира олмади. Шу сабабли режасини бекор қилишга мажбур бўлди. Бир неча ой давомида тиклангач, у яна машғулотларга қайтиб, ўз олдига қўйган мақсадини амалга оширишга қарор қилди.

«Мен ўзим учун янада каттароқ синов излаётгандим. Турмуш ўртоғим ва мураббийим 24 соат давомида турникда тортилишни таклиф қилишди. Аввалига бу гапни эшитиб, чиндан ҳам кулдим, чунки буни уддалай олишимга ишонмасдим. Ўша пайтдаги рекорд 4081 марта эканини кўрдим ва яна бунинг иложи йўқ, деб ўйладим. Кейин бироз ҳисоб-китоб қилиб, балки буни амалга ошира оларман, деган хулосага келдим», — деди Винсон Гиннесс вакилларига.

Оддий инсон учун 24 соат ичида минглаб марта турникда тортилишнинг ўзи ҳам деярли имконсиздек туюлади. Оливия эса бу натижадан анча юқори кўрсаткичга эришди. Аввалги рекорд 2021 йилда польялик Паула Горло томонидан ўрнатилган бўлиб, у 4081 марта турникда тортилган эди.

Жорий йилнинг 29–30 март кунлари 34 ёшли австралиялик аёл ушбу натижани янгилаб, 24 соат давомида жами 7079 марта турникда тортилишга муваффақ бўлди. Бу ўртача ҳар бир дақиқада беш мартага яқин тортилишни англатади.

«Мен бу синовни бошлаганимда, ўзим учун бундай натижага эришиш мумкинлигига чиндан ҳам ишонмаган эдим. Энди эса бу ютуқ менга ўзим уддалай олмайман деб ўйлаган барча нарсалар ҳақидаги қарашларимни қайта кўриб чиқишга мажбур қилмоқда», — деди Оливия.

Унинг ушбу натижаси нафақат жисмоний тайёргарлик, балки қатъият ва сабрнинг ҳам аҳамиятини кўрсатади. Оливия Винсоннинг келгусида яна Гиннесснинг жаҳон рекордлари китобига кириши эҳтимолдан холи эмас.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар