ФирстКлуб стартапи тўққиз ой ичида ўз қийматини 255 миллион долларга етказди

Тезкор тижорат (қуикк-коммерсе) бозорида тезлик асосий омил бўлиб қолаётган бир пайтда, Ҳиндистоннинг ФирстКлуб стартапи инвесторларни маҳсулот сифатига эътибор қаратиш орқали муваффақият қозониш мумкинлигига ишонтира олди. Бенгалуру шаҳрида жойлашган ушбу компания Пеак ХВ Партнерс ва Софина бошчилигидаги Б серияли инвестиция раундида 55 миллион доллар жалб қилди. Натижада стартапнинг бозор қиймати 255 миллион долларга баҳоланди, бу ўтган йилнинг сентябрь ойидаги кўрсаткичдан (120 миллион доллар) икки баравар кўпдир. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.
ФирстКлуб платформаси 2024-йилда Флипкарт собиқ раҳбари Айяппан Р томонидан ташкил этилган бўлиб, у рақобатчиларидан фарқли ўлароқ, кенг ассортимент эмас, балки сараланган маҳсулотларга урғу беради. Платформада тахминан 4 000 турдаги маҳсулот мавжуд бўлиб, бу бошқа йирик сервислар таклифининг учдан бир қисмини ташкил этади. Компания янги маҳсулотларни лаборатория синовларидан ўтказади ва эксклюзив брендлар билан ҳамкорлик қилиб, ўзини тезкор етказиб берувчи эмас, балки ишончли озиқ-овқат дўкони сифатида намоён этмоқда.
Ҳозирда стартапнинг йиллик ялпи савдо ҳажми (GMВ) 50 миллион долларга етган. Мижозлар ойига ўртача тўртдан кўп буюртма беришади ва ҳар бир хариднинг ўртача қиймати 13 долларни ташкил қилади. Қизиғи шундаки, платформада энг кўп сотиладиган маҳсулотлар қаторида анъанавий сабзавотлар эмас, балки авокадо, хурмо ва Моди олмалари каби премиум маҳсулотлар жой олган. Бу эса Ҳиндистонда сифатли ва соғлом озиқ-овқат учун кўпроқ пул тўлашга тайёр қатлам шаклланаётганидан далолат беради.
Янги жалб қилинган маблағлар стартапнинг Бенгалуру ташқарисига чиқиши ва Ҳайдаробод каби йирик шаҳарларда ўз ўрнини мустаҳкамлашига йўналтирилади. Шунингдек, ФирстКлуб ўз фаолиятини уй ва ошхона буюмлари, совғалар ва бошқа кундалик эҳтиёж моллари тоифасига ҳам кенгайтиришни режалаштирмоқда. Пеак ХВ бошқарувчи директори ГВ Равишанкар сўзларига кўра, ихтисослашган озиқ-овқат платформалари учун бозорда катта имкониятлар мавжуд.





























Изоҳлар 0
…