Starship орқали коинотга юк ташиш самолётдан ҳам арзонроқ бўлади

Elon Musk Starship ракетаси орқали коинотга юк етказиб бериш нархи келажакда самолётда юк ташиш нархидан ҳам арзонроқ бўлишини маълум қилди. Starship лойиҳасининг асосий инқилобий жиҳати шундаки, у тўлиқ қайта фойдаланиш мумкин бўлган дунёдаги биринчи орбитал ракета бўлади. Мускнинг таъкидлашича, автомобил, самолёт ёки кема каби транспорт воситалари кўп марта ишлатилгани сабабли арзон ҳисобланади, ракета технологияларида эса шу пайтгача бундай имконият бўлмаган. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
SpaceX раҳбари Falcon 9 ракетаси билан бу йўлнинг бир қисмини босиб ўтганини, аммо Starship билан тўлиқ қайта фойдаланиш даражасига чиқишини айтди. Тизим тўлиқ ишга тушгач, орбитага юк олиб чиқиш харажатлари фақат ёқилғи нархига таяниб қолади. Starship учун ёқилғи сифатида суюқ кислород ва метан ишлатилади, бу эса авиация керосинидан анча арзонроққа тушади.
Elon Muskнинг сўзларига кўра, Starship тизимининг тўлиқ кўп марталик эканлиги 2026-йилда амалда исботланиши кутилмоқда. Агар барча режалар амалга ошса, коинотга чиқиш нархи 100 бараварга пасайиши мумкин. Ҳозирда Falcon 9 ёрдамида 1 кг юкни орбитага чиқариш нархи 18 500 доллардан 1 400 долларгача тушган бўлса, Starship бу нархни яна 99 фоизга арзонлаштириши кутилмоқда.
Айни дамда Техасдаги Старбасе космодромида Super Heavy Booster 20 ва Шип 20 қурилмалари 13-парвозга тайёрланмоқда. Шунингдек, SpaceX муҳандислари ракетани тутиб олиш учун мўлжалланган Мечазилла тизимини такомиллаштиришда давом этмоқда. Бундай ракеталар келажакда янги авлод Starlink сунъий йўлдошларини орбитага чиқариб, глобал интернет тармоғининг ўтказувчанлик қобилиятини бир неча баробар оширади.





























Изоҳлар 0
…