Ўзбекистон дипломатлари Исроилнинг Geomage компанияси таъсисчиси ва GeoCloud.AI лойиҳаси бош бошқарувчиси Эмил Губерман билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё».
Мулоқот чоғида нефт ва газ соҳасида тадқиқотлар ўтказиш, жабҳага янги технологиялар, замонавий хизматлар ва дастурий таъминотларни жалб қилиш йўналишида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Эмил Губерман Ўзбекистонда йиллар давомида йиғилган турли геологик ва геофизик маълумотларни ҳамда визуал материалларни сунъий интеллект асосида рақамлаштирилган GeoCloud.AI конлар ахборот тизимини яратиш бўйича лойиҳасини амалга ошириш таклифини билдирди.
- GeoCloud.AI дастурининг афзалликлари Ўзбекистондаги барча конлар бўйича маълумотларни излаш, талқин қилишни ҳамда энг самарали ечимларни таклиф қилишдан иборат, - деди у.
Учрашув якунида GeoCloud.AI компанияси дастурининг пилот лойиҳасини Ўзбекистон Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда «Ўзбекнефтгаз» вакиллари билан муҳокама қилиш ва амалга ошириш ҳақида келишиб олинди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг