Хитойда Infineon компаниясининг GaN-чиплари тақиқланди

Хитой Олий халқ суди Сучжоу шаҳри оралиқ судининг қарорини ўз кучида қолдирди. Унга кўра, Infineon Течнологиес компаниясига Хитой ҳудудида галлий нитриди (GaN) асосидаги маҳсулотларни сотиш, импорт қилиш ва реклама қилиш расман тақиқланди. Компаниянинг апелляция шикояти рад этилди ва илгари чиқарилган суд қарори тўлиқ кучга кирди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Мазкур низо Хитойнинг Инноссиенсе компанияси томонидан қўзғатилган бўлиб, у Infineon брендини GaN яримўтказгичларига оид патентларни бузганликда айблаган эди. 2024-йилнинг май ойида Сучжоу суди қонунбузарликни тан олиб, 10 миллион юан миқдорида компенсация тўлаш мажбуриятини юклаган эди. Немис гиганти ушбу қарор устидан шикоят қилган бўлса-да, якунда муваффақиятсизликка учради.
Ҳозирда томонлар ўртасида Германия ва АҚШда ҳам халқаро патент низолари давом этмоқда. 2024-йил июн ойида Infineon Мюнхен судига Инноссиенсе устидан даъво киритиб, Германияда баҳсли маҳсулотлар савдосини чекловчи вақтинчалик тақиққа эришган эди. Бироқ Хитой бозоридаги мағлубият компания учун жиддий зарба бўлиши кутилмоқда.
Галлий нитриди (GaN) учинчи авлод яримўтказгичлари учун асосий материал ҳисобланиб, у тезкор қувватлаш қурилмалари, сервер манбалари ва электромобиллар каби соҳаларда кенг қўлланилади. Мутахассисларнинг фикрича, ушбу суд қарори Хитойнинг ички бозоридаги рақобат муҳитини ўзгартириб, Инноссиенсе компаниясининг улуши сезиларли даражада ошишига хизмат қилади.





























Изоҳлар 0
…