6,7 магнитудали зилзила Индонезияда вайронагарчилик келтириб чиқарди

Индонезияда 16 июнь куни 6,7 магнитудали кучли зилзила содир бўлди. Асосий ер силкинишидан кейин кетма-кет бир нечта кучли такрорий зилзилалар ҳам кузатилди. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.
Ерости тебранишлари Марказий Сулавеси провинциясининг маъмурий маркази ҳисобланган Палу шаҳрида бир дақиқадан ортиқ давом этган кучли силкинишларни келтириб чиқарди. Мазкур шаҳарда қарийб 400 минг нафар аҳоли истиқомат қилади.
Дастлабки маълумотларга кўра, зилзила оқибатида айрим ҳудудларда вайронагарчиликлар юз берган. Бир қатор биноларда ёриқлар пайдо бўлган, Сиги округи маъмурий биносининг том қисми қулаб тушган. Шунингдек, маҳаллий университет биноларидан бири ҳам шикастланган.
Хавфсизлик чоралари доирасида шифохоналардаги беморлар, жумладан томчилатиб дори қабул қилаётган беморлар ҳам ташқарига эвакуация қилинган.
АҚШ Геология хизмати маълумотларига кўра, зилзиланинг эпицентри Палу шаҳридан 46 километр шарқий-жануби-шарқда жойлашган бўлиб, ўчоғи тахминан 10 километр чуқурликда қайд этилган. Энг кучли такрорий силкинишлар магнитудаси 5,2, 5,0 ва 4,9 ни ташкил қилган.
Маҳаллий ҳокимият аҳолини расмий кўрсатмаларга амал қилиш ҳамда эҳтиёт чораларини кўришга чақирди. Мутахассислар такрорий ер силкинишлари яна бир неча соат давом этиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Маълумот учун, Индонезия бир нечта йирик сейсмик ёриқлар кесишган ҳудудда жойлашгани сабабли мамлакатда зилзилалар ва вулқон фаоллиги тез-тез кузатилади.





























Изоҳлар 0
…