«Ўйинчоқлар тарихи 5» нега ота-оналарни хавотирга солмоқда?

Pixar студиясининг янги «Ўйинчоқлар тарихи 5» мультфильми нафақат болалар, балки ота-оналар учун ҳам кучли ҳиссий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган асарга айланди. Мутахассислар фикрича, фильм ижтимоий тармоқлар, рақамли қурилмалар ва болалар ўртасидаги ёлғизлик муаммосини жуда таъсирчан тарзда очиб берган.
Фильм марказида саккиз ёшли Бонни образи турибди. У Жесси, Базз Лайтер ва бошқа ўйинчоқлари билан ўйнашни яхши кўради, аммо тенгдошлари билан дўстлашишда қийналади. Шу сабабли ота-онаси уни рақс тўгарагидаги қизлар билан мулоқот қилиши учун Lilypad номли планшет олиб беришга қарор қилади.
Бу ҳолат ўйинчоқларни ташвишга солади. Улар рақамли технологиялар ўзларини кераксиз қилиб қўйишидан қўрқади. Бироқ энг катта босим Боннининг ота-онаси зиммасига тушади. Улар қизларини интернетдаги хавфлардан ҳимоя қилишни истайди, аммо унинг жамиятдан четда қолиб кетишини ҳам хоҳламайди.
Мавзу айниқса бугунги кунда долзарб аҳамият касб этмоқда. Чунки Буюк Британия бош вазири Кир Стармер мамлакатда 16 ёшгача бўлган ўсмирлар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни келаси йилдан чеклаш режасини маълум қилди. Бу борада Австралия ҳам аввалроқ қонун қабул қилган эди.

Pixar фильмлари одатда болалик ва ота-оналикнинг мураккаб томонларини чуқур ёритиши билан ажралиб туради. «Немони топиш», «Inside Out» ва бошқа машҳур картиналар ҳам ота-оналарнинг ички кечинмаларига катта эътибор қаратган.
Бироқ «Ўйинчоқлар тарихи 5» аввалги қисмлардан сезиларли даражада фарқ қилади. Бу сафар эътибор марказида ўйинчоқларнинг эмас, балки ёлғизликдан азоб чекаётган оддий болалар ва уларга қандай ёрдам беришни билмай қийналаётган ота-оналар турибди.
Фильмдаги энг таъсирли жумлалардан бири Боннининг ота-онасига берган саволи бўлди:
«Нега ҳеч ким менга дўст бўлишни истамайди?»
Танқидчиларнинг фикрича, айнан шу савол фильмнинг асосий ғоясини очиб беради.

Шу билан бирга, фильм аввалги уч қисм даражасига ета олмагани ҳам қайд этилмоқда. Унда қизиқарли ҳазиллар ва динамик саҳналар камроқ экани, баъзи қўшимча воқеалар эса ортиқча кўрингани таъкидланган.
Шунга қарамай, мутахассислар «Ўйинчоқлар тарихи 5»ни Pixar'нинг энг баҳсли ва энг долзарб ижод намуналаридан бири деб баҳоламоқда. Фильм ёшлар орасидаги ёлғизлик, ишончсизлик ва рақамли дунёнинг салбий таъсири ҳақида очиқ гапириши билан алоҳида эътиборга сазовор бўлди.
Маълумот учун, «Ўйинчоқлар тарихи 5» 19 июнь куни АҚШ ва Буюк Британия кинотеатрларида намойиш этилади.





























Изоҳлар 0
…