
Ўзбекистонда тиббиёт ходимларининг меҳнат шароитини яхшилаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича янги қарор қабул қилинди, деб хабар берди расмий манбалар.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб давлат тиббиёт муассасалари беш кунлик иш ҳафтасига ўтади. Байрам ва дам олиш кунларида эса навбатчилик орқали узлуксиз хизмат йўлга қўйилади. Мақсад — шифокорларнинг ортиқча иш юкламасини камайтириш ва меҳнат самарадорлигини ошириш.
Шунингдек, тиббиёт ходимлари ҳар йили Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори миқёсида рағбатлантирилади. “Энг яхши шифокор”, “Энг яхши поликлиника” каби танловлар ўтказилиб, ғолибларга пул мукофотлари ва хорижда малака ошириш имконияти берилади.
2026 йил 1 январдан бошлаб 15 йиллик стажга эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг фарзандлари олий таълим муассасаларида контракт тўловларининг 30 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади. Шунингдек, ҳар йили 500 нафар шифокор уй-жой хариди учун ипотека бошланғич тўловининг 25 фоизи миқдорида ёрдам олади.
Қарорда тиббиёт ходимлари учун яна бир қатор имтиёзлар ҳам назарда тутилган. Улар йилда бир маротаба бепул юқори технологик тиббий хизмат, санаторий йўлланмаси, илмий мақолалар чоп этиш харажатларини қоплаш, ҳамда давлат хизматлари учун тўловларни икки баравар камайтириш имкониятига эга бўлади.
Янги қарор мамлакатда тиббиёт соҳаси нуфузини ошириш, малакали мутахассисларни сақлаб қолиш ва ёш авлодни бу касбга жалб қилишни мақсад қилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!