Об-ҳаво: Феврал охири қандай келади, Тошкентда ёмғир қачон тўхтайди?

Ўзгидромет маълумотларига кўра, 18–20 феврал кунлари республика ҳудуди бўйича ёғингарчилик кутилмайди. Демак, ҳафтанинг ўртасидан ҳаво анча “очилиб”, илиқлик сезиларли кучаяди.
Душанба ва сешанба кунлари республика бўйича айрим жойларда ёмғир кузатилиши мумкин, фақат шимоли-ғарбий ҳудудларда ёғингарчилик бўлмаслиги айтилган. Кундузи ҳарорат асосан +15…+20 даража атрофида ушланади, айрим ҳудудларда туман тушиши эҳтимоли ҳам бор.
Чоршанба-жума кунлари эса ҳаво янада илийди: кундузи +20…+25 даражагача исиши, кечалари эса +7…+12 даража атрофида бўлиши кутилмоқда. Тошкентда ҳам 18–20 феврал кунлари асосан ёғингарчилик бўлмаслиги, кундузи +22…+25, кечаси +9…+12 даража бўлиши прогноз қилинади.
Шамол масаласи ҳам эътибордан четда қолмайди: республика бўйича айрим жойларда шамол тезлиги 13–18 м/с гача кучайиши, баъзи ҳудудларда эса вақт-вақти билан 23 м/с гача етиши мумкин.
Энг эҳтиёткор бўладиган нуқта — тоғолди ва тоғли ҳудудлар: 16–18 феврал кунлари у ерда вақт-вақти билан ёғингарчилик бўлиши, сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин. Тоғларда қор кўчиши хавфи ҳам бор — шу сабаб бу кунлари тоққа чиқишни “кейинга суриб” турган маъқул.
Тошкент шаҳри бўйича: 16 феврал куни кундузи вақт-вақти билан ёмғир, 17 февралда кечаси ва эрталаб ёмғир ҳамда туман эҳтимоли қайд этилган, 18–20 февралда эса ҳаво қуруқ ва анча илиқ бўлиши кутилмоқда.