Президент ёшлар бизнесига 200 миллион доллар қўшимча ажратилади

Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар билан бўлиб ўтган мулоқотда меҳнат бозорига ҳар йили 600 минг нафар ёш кириб келаётганини таъкидлади. Унинг айтишича, 2030 йилга бориб бу рақам 1 миллионга етиши мумкин. Шу боис, ёшлар учун муносиб иш ўрни топишга шароит яратиш — давлат олдидаги энг долзарб вазифалардан бири экани алоҳида урғуланди.
Қайд этилишича, ёшлар ўртасида ўтказилган сўровномада иштирокчиларнинг учдан бири тадбиркор бўлиш истагини билдирган. Ана шу қизиқишни реал имкониятга айлантириш мақсадида ўтган йили ёшлар бандлигини таъминлаш учун банклар ҳамда Ёшлар ишлари агентлигига 400 миллион доллар йўналтирилгани маълум қилинди.
Маълумотларга кўра, “Ёшлар бизнеси” ва “Келажакка қадам” дастурлари орқали 15 минг нафар ёш ўз ишини йўлга қўйган. Бу лойиҳалар натижасида 50 минг нафар инсон иш билан таъминлангани қайд этилди. Яъни, бир ёш тадбиркор — атрофида яна бир неча оилани ишли қилиб қўяётган “двигатель”га айланяпти.
Президент ёшлар тадбиркорлигини янада қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 200 миллион доллар ажратилишини эълон қилди. Бу маблағлар янги лойиҳаларга туртки, амалдаги бизнесларга кенгайиш имконияти бўлиши кутилмоқда.
Шунингдек, ўзини ўзи банд қилган ёшлар учун кредит миқдори 100 миллион сўмдан 300 миллион сўмгача оширилиши белгиланди. Ёш тадбиркорлар лойиҳалари учун ажратиладиган кредит лимити эса 5 миллиард сўмдан 10 миллиард сўмгача кенгайтирилиши мумкинлиги айтилди. Инновацион стартаплар бўйича ҳам янги имконият очиляпти: бундай лойиҳаларга 100 минг долларгача инвестиция киритишга рухсат берилиши маълум қилинди.
Бундан ташқари, сервис ва умумий овқатланиш соҳасида 1 мингдан ортиқ иш ўрни яратган маҳаллий брендлардан франшиза олиб, филиал очишни истаган ёшлар учун ҳам қулай молиялаштириш пакетлари жорий этилиши айтилди. Яъни, тайёр ва ишлаб турган брендга суяниб, тезроқ натижага чиқишни хоҳлаган ёшлар учун “қисқа йўл” ҳам очиляпти.
Хулоса оддий: ёшлар сони ошиб бораётган бир пайтда уларга иш, даромад ва бизнес қилиш имкониятини кенгайтириш — келажакни ҳозирдан мустаҳкамлаш дегани. Энди энг муҳими, шу имкониятлар жойларда ҳам тез ва адолатли ишлаб кетиши.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!