Тошкентда 954 та яширилган жиноят ҳолати фош этилди

Тошкент шаҳрида 2025 йил давомида жиноятларни яшириш ҳолатларини аниқлаш бўйича кенг кўламли текширувлар ўтказилди. Натижада ички ишлар органлари томонидан жиноят ишини қўзғатиш рад этилган 954 та қарор ноқонуний деб топилиб, бекор қилинган.
Бу ҳақда Анвар Ўрмоновнинг йил якуни бўйича ҳисоботида маълум қилинди. Қайд этилишича, ушбу ҳолатларнинг 537 таси шаҳар даражасидаги, 417 таси эса туман органларига тўғри келади. Яширилган жиноятлар орасида 23 таси оғир тоифага киради, 3 ҳолатда эса жиноятлар умуман рўйхатга олинмаган.
Шунингдек, прокуратура томонидан терговга қадар текширув ва дастлабки тергов жараёнлари устидан ҳам назорат кучайтирилган. Хусусан, жиноят ишини қўзғатишни рад этиш бўйича 124 та қарор бекор қилиниб, ишлар қайта кўриб чиқишга юборилган.
Бундан ташқари, 70 та жиноят ишини тугатиш ёки тўхтатиш ҳақидаги қарорлар ҳам ноқонуний деб топилиб, қайта кўриб чиқишга қайтарилган.
Статистикага кўра, 2025 йилда Тошкентда жами 30 600 та жиноят рўйхатга олинган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 4,7 фоизга камайган. Жиноятларнинг асосий қисми — 16 248 таси кибержиноятлар ҳиссасига тўғри келади.
Шу билан бирга, олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар сони ҳам қисқариб, 7 681 тани ташкил этган. Бу эса 2024 йилга нисбатан 13,8 фоизга камайганини кўрсатади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!