“Самарқанд нони” товар белгиси сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди

"Самарқанд нони" номи расман товар белгиси сифатида давлат рўйхатига киритилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Адлия вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Маълумотларга кўра, 2025 йил февраль ойида "Самарқанд нони" географик кўрсаткич сифатида ҳам рўйхатдан ўтказилган эди. Эндиликда ушбу номнинг товар белгиси сифатида ҳам ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланиши маҳсулотнинг ўзига хослигини эътироф этиш ва уни бозорда янада кенгроқ танитишга хизмат қилади.
Мутасаддилар қайд этишича, мазкур қадам миллий гастрономик меросни асраб-авайлаш, маҳаллий маҳсулотларнинг нуфузини ошириш ҳамда уларни ҳуқуқий ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга. "Самарқанд нони" номининг икки мақомда рўйхатдан ўтказилиши унинг иқтисодий салоҳиятини кенгайтириш учун ҳам имконият яратади.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, товар белгисини рўйхатдан ўтказганлик тўғрисидаги гувоҳнома 10 йил муддатга берилади. Белгиланган тартибда унинг амал қилиш муддатини узайтириш мумкин.































Изоҳлар 0
…