Ўзбекистонда кўп қаватли уйларга иссиқлик қачон берилиши маълум бўлди

Ўзбекистонда кўп қаватли уйларни марказлашган иситиш тизимига улаш ишлари 15 ноябрга қадар бошланиши кутилмоқда. Бу ҳақда 4 ноябрь куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Аҳадхон Исоқжоновнинг айтишича, иситиш мавсумини бошлаш бўйича якуний қарор ҳудудлардаги об-ҳаво шароитидан келиб чиқиб қабул қилинади.
Хусусан, гидрометеорология марказлари тақдим этган маълумотлар асосида маҳаллий ҳокимликлар тегишли қарор чиқаради. Шундан сўнг кўп қаватли уйлар иссиқлик тармоқларига босқичма-босқич уланади.
Исоқжоновнинг таъкидлашича, куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида иссиқлик таъминоти корхоналарининг ҳолати инспекция томонидан ўрганилган. Камчиликлар аниқланган ҳудудларга уларни бартараф этиш бўйича мажбурий кўрсатмалар берилган.
Ҳозирда Тошкент шаҳри, Самарқанд вилояти ҳамда Фарғона водийсидаги вилоятларда иссиқлик таъминоти корхоналари аниқланган муаммоларни бартараф этиб, марказлашган тизимни ишга туширишга тайёр ҳолатга келтирилган.
Демак, кўп қаватли уйларда иситиш мавсуми 15 ноябрга қадар бошланиши кутилмоқда. Бироқ иссиқлик қачон берилиши ҳар бир ҳудуддаги об-ҳаво шароити ва ҳокимликлар қарорларига боғлиқ бўлади.






























Изоҳлар 0
…