«Бойсун дўпписи» географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди

«Бойсун дўпписи» Сурхондарё вилояти Бойсун тумани ҳудудида анъанавий усулда тайёрланадиган миллий бош кийим сифатида географик кўрсаткичлар давлат реестрига киритилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.
«Бойсун дўпписи» қадимдан Бойсун ҳудудида тикиб келинадиган, думалоқ шаклдаги, пилтадўзи услубидаги кашталар билан безатиладиган миллий бош кийим ҳисобланади.
Унинг ўзига хос жиҳатлари кашта тикиш услуби, геометрик нақшлари, ранглар уйғунлиги ва анъанавий тайёрлаш технологиясида намоён бўлади. Дўппиларни безашда чилхол, чаёнгул, қўчқоршохи, арча ва кўзача каби нақшлардан фойдаланилади.
Маҳсулотнинг географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилиши унинг Бойсун ҳудуди билан боғлиқ ўзига хос хусусиятларини ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш имконини беради.
Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, мазкур мақом «Бойсун дўпписи» номининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, унинг анъанавий хусусиятлари ва тайёрлаш усулларини асрашга хизмат қилади. Шунингдек, Бойсун ҳунармандчилиги маҳсулотларини ички ва халқаро бозорларда тарғиб қилиш учун ҳуқуқий асос яратилади.






























Изоҳлар 0
…