Инспектор ёқасидан тортган ҳоким ўринбосари жазоланди

Инспектор ёқасидан тортган ҳоким ўринбосари жазоланди

Фарғона вилоятининг Бувайда туманида экология инспекторига нисбатан куч ишлатган ҳоким ўринбосарига суд ҳукми ўқилди. Мансабдор ўз ваколат доирасидан чиқиб кетгани учун жиноий жавобгарликка тортилди.

Маълум бўлишича, воқеа тумандаги коллектор атрофида жойлашган дарахтларни кесиш ишлари давомида содир бўлган. Экология инспектори ҳудудда тегишли рухсатномаларсиз амалга оширилаётган ишларга аралашиб, қонуний тартибда чора кўришга уринган.

Бироқ туман ҳокими ўринбосари Саидали Хизиров инспекторнинг хизмат вазифасини бажаришига тўсқинлик қилган. У инспекторнинг курткаси ёқасидан тортиб, хизмат ҳаракатларини тўхтатишга мажбурлаган ва унга енгил тан жароҳати етказган.

Тергов жараёнида аниқланишича, мазкур ҳудуддаги 104 туп тол дарахти ҳам тегишли рухсатсиз кесиб ташланган. Бунинг натижасида табиатга 171 миллион сўмдан ортиқ зарар етказилган.

Суд қарорига кўра, Саидали Хизиров Жиноят кодексининг мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ моддаси бўйича айбдор деб топилди. У бир йил давомида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 61,8 миллион сўм миқдорида жаримага тортилди.

Иш доирасида дарахтларни кесиш ишларини ташкил этган масъул МЧЖ раҳбари ҳам жавобгарликка тортилди. Суд унга нисбатан 41,2 миллион сўм миқдорида жарима жазоси тайинлади.

Жабрланувчи томон жазони енгил деб ҳисоблаб, юқори инстанцияга мурожаат қилди. Бироқ Фарғона вилояти суди апелляция тартибида ишни кўриб чиқиб, биринчи инстанция суди ҳукмини ўзгаришсиз қолдирди.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Kamola Shuhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар