Сергелидаги қаҳрамон: каналда оқиб кетаётган қизни темир йўл ходими қутқариб қолди

Тошкент шаҳрининг Сергели туманида инсонпарварлик ва жасорат намунасига айланган воқеа содир бўлди. Каналда оқим билан кетиб қолаётган ўсмир қиз темир йўл ходимининг тезкор ҳаракати туфайли ҳалокатдан қутқариб қолинди.
Маълум қилинишича, ҳодиса 9 июнь куни “Ўзбекистон темир йўллари” тизимида меҳнат қилиб келаётган темир йўл созловчиси Аъзам Иброҳимов хизмат вазифасини бажараётган вақтда рўй берган.

У Сергели тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Қорасув канали атрофида иш олиб бораётган пайтда сув оқимида ёрдам сўраб бақираётган икки нафар қизни кўриб қолган. Вазиятнинг жиддийлигини англаган ходим бир лаҳза ҳам иккиланмай, каналга тушган ва оқимда қолган қизни хавфсиз жойга олиб чиққан.
Қаҳрамонликка тенг бу ҳаракат туфайли қизча ҳаёти сақлаб қолинди. Темир йўлчининг фидойилиги ва жасорати жамоатчилик томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда.

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ раҳбарияти ҳам ходимнинг бу эзгу ишини эътироф этиб, унга ташаккурнома совғаси ва пул мукофоти топширди.
Бу воқеа инсон ҳаётини сақлаб қолиш учун бир зумлик қарор қанчалик муҳим эканини яна бир бор намоён этди.





























Изоҳлар 0
…