SpaceX Boeing 747 ўлчамидаги сунъий интеллект сунъий йўлдошларини яратади

SpaceX компанияси Ер орбитасида улкан маълумотларни қайта ишлаш марказлари флотини яратиш бўйича ўз режаларини очиқлади. Elon Musk томонидан тақдим этилган лойиҳага кўра, биринчи авлод "сунъий интеллект сунъий йўлдоши"нинг узунлиги тахминан 70 метрни ташкил этади, бу эса Boeing 747 самолётининг ўлчамига тенгдир. Ушбу қурилмалар коинотда мураккаб ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун мўлжалланган. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Янги сунъий йўлдошлар корпоратив даражадаги NVIDIA Rubin график процессорлари (GPU) билан жиҳозланади. Маълумотларга кўра, ҳар бир аппарат бортида 72 та GPUдан иборат GB300 сервер стойкасининг эквивалентини олиб юради. Бундай юқори қувватли тизимлар ажратиб чиқарадиган иссиқликни назорат қилиш учун SpaceX махсус суюқлик асосидаги совутиш тизимидан фойдаланишни режалаштирмоқда.
Коинотдаги вакуум шароитида иссиқликни тарқатиш учун ҳар бир сунъий йўлдош 110 квадрат метр майдонга эга ёйилувчи радиаторлар билан таъминланади. Мутахассисларнинг фикрича, тизимда сув ўрнига аммиак ишлатилиши эҳтимоли юқори, чунки у паст ҳароратларда ҳам суюқ ҳолатда қолади. Худди шундай технология ҳозирда Халқаро коинот станциясида (ХКС) ҳам қўлланилади.
Elon Muskнинг таъкидлашича, ушбу сунъий йўлдошлар Starlink қурилмаларига қараганда соддароқ тузилишга эга бўлади, чунки улар кенг полосали алоқа учун зарур бўлган мураккаб антенна массивларини талаб қилмайди. SpaceX Техаснинг Бастроп шаҳридаги заводида келаси йилнинг охиригача ушбу сунъий интеллект қурилмаларини оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни мақсад қилган.




























Изоҳлар 0
…