Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги АҚШдан расмий тушунтириш талаб қилди

Океан ортида миллионлаб инсонлар интизорлик билан кутган футбол байрами старт олган бир пайтда, Ўзбекистон миллий терма жамоаси атрофидаги воқеалар нафақат спорт жамоатчилигининг, балки мамлакат раҳбарияти ва дипломатларининг ҳам диққат-марказида бўлиб турибди. Яқиндагина Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган ва вакилларимизнинг шиддатли кураши билан ёдда қолган Ўзбекистон ҳамда Нидерландия терма жамоалари ўртасидаги назорат учрашуви (1:2) олдидан юз берган нохуш ҳодиса янги босқичга чиқди. Вакилларимиз ҳаво бандаргоҳига қўниши биланоқ маҳаллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан кучайтирилган ва ҳаддан ташқари синчков текширувдан ўтказилгани юртимиз дипломатлари томонидан қатъий назоратга олинди.
Мазкур вазият юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий муносабат билдириб, АҚШ томонидан изоҳ сўрагани маълум бўлди. Бу ҳақда ТИВ матбуот котиби Омонулла Файзиев ОАВ вакиллари учун берган махсус баёнотида расман хабар қилди.
Вазирлик вакилининг таъкидлашича, давлатимиз ўз фуқаролари, айниқса, тарихий Жаҳон чемпионатида юртимиз шарафини ҳимоя қилиш учун йўл олган миллий терма жамоамиз футболчилари ҳамда мураббийлар штаби аъзоларининг ҳуқуқлари ва халқаро майдондаги ҳурматини олий даражада ҳимоя қилади.
«Мазкур кучайтирилган назорат ва текширув ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонаси зудлик билан ишга киришди. Дипломатик каналлар орқали Америка Қўшма Штатларининг тегишли давлат идоралари ва хавфсизлик хизмати вакилларига расмий мурожаат йўлланди. Айни пайтда ушбу жараённинг асл сабабларини билиш мақсадида ҳолат юзасидан батафсил ва расмий тушунтириш берилиши талаб қилинди», — дея вазиятга аниқлик киритди Омонулла Файзиев.
Эслатиб ўтиш жоизки, аввалроқ миллий жамоамиз бош мураббийи Фабио Каннаваро Италия матбуотига берган изоҳида бундай синчковлик АҚШ аэропортларига хос бўлган оддий халқаро стандарт хавфсизлик чора-тадбирларидан бири эканини айтиб, мухлисларни хотиржамликка чақирган эди. Шунга қарамай, юртимиз Ташқи ишлар вазирлиги ўз қаҳрамонларининг хориждаги ҳар бир қадамини эътиборсиз қолдирмаслигини ва дипломатик жиҳатдан қўллаб-қувватлашини амалда кўрсатди. Бу эса мундиал олдидан «оқ бўрилар»га қўшимча далда ва катта куч бағишлаши табиий.
Миллий терма жамоамизнинг Атлантадаги тайёргарлик жараёнлари, ТИВ ва АҚШ ўртасидаги расмий мулоқотлар тафсилоти ҳамда Жаҳон чемпионатининг барча қайноқ, эксклюзив ва шов-шувли янгиликларини ҳамиша Замин саҳифаларида биз билан биргаликда кузатиб боринг!






























Изоҳлар 0
…