Реал Мадрид Родри учун ҳаракат бошласа Манчестер Сити уни олиб қололмайди

Манчестер Сити собиқ футболчиси ва мураббийи Петер Реиднинг таъкидлашича, агар Реал Мадрид қизиқиш билдирса, Родри Англияни тарк этиши деярли аниқ. Пеп Гуардиола кетганидан сўнг Этиҳад Стадиумда катта ўзгаришлар даври бошланиши кутилмоқда. Олтин тўп соҳиби бўлган испаниялик ярим ҳимоячи жамоанинг янгиланиш жараёнидаги асосий йўқотишлардан бири бўлиши мумкин. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Ўн йиллик муваффақиятли фаолиятдан сўнг афсонавий Пеп Гуардиола Англия Премер-лигасидаги босимлардан чарчаганини айтиб, шартномани муддатидан аввал якунлади. Эндиликда жамоани унинг собиқ ёрдамчиси Энзо Мареска бошқариши кутилмоқда. Янги мураббий 15-июн куни очиладиган трансфер ойнасида таркибни ўз хоҳишига кўра шакллантиришга ҳаракат қилади.
Мадридда туғилган ва ўз вақтида Атлетико Мадрид сафида тўп сурган Родри тез орада 30 ёшни қарши олади. 2024-йил сентябрь ойида олган оғир жароҳатидан сўнг у ҳали ўзининг аввалги спорт формасига қайтгани йўқ. Шунга қарамай, Реал Мадрид каби гранд жамоанинг чорлови ҳар қандай футболчи, айниқса испаниялик учун рад этиб бўлмас таклиф ҳисобланади.
Петер Реид ГОАЛ нашрига берган интервюсида шундай дейди: "Жароҳатга қадар у дунёнинг энг яхшиси эди. Ҳозирги тиббиёт даражаси билан у албатта кучли бўлиб қайтади. Агар Реал Мадрид унинг эшигини тақиллатса, Манчестер Сити учун уни олиб қолиш жуда қийин бўлади. Родри ўз ватанига қайтиш имкониятини қўлдан бой бермаса керак".
Родри Манчестер Сити билан тўрт марта Англия Премер-лигаси ва бир бор Чемпионлар лигаси ғолибига айланган. Маълумотларга кўра, жамоани нафақат у, балки португалиялик ҳимоячи Рубен Диас ҳам тарк этиши мумкин. Клубда катта трансферлар ва ўзгаришлар мавсуми яқинлашмоқда.






























Изоҳлар 0
…