Поп-ММА жангчиси “Сатурн” жаримага тортилди

Одамлар орасида “Сатурн” номи билан танилган ўзбекистонлик поп-ММА жангчиси Оғабек Абдумўминов ижтимоий тармоқда эълон қилган видеоси сабаб маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда 3 июнь куни Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати маълум қилди.
Маълум қилинишича, спортчининг хавфсизлик камаридан фойдаланмасдан автотранспорт воситасини бошқараётгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган.
Шундан сўнг Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси қидирув бўлими томонидан қоидабузар чақиртирилиб, унга нисбатан тегишли маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Оғабек Абдумўминов ўз навбатида хавфсизлик камарисиз ҳаракатланганини тан олиб, видеонинг кенг муҳокамаларга сабаб бўлганини айтди.
“Автотранспорт воситасини хавфсизлик камарисиз бошқарганман. Видео ижтимоий тармоқларга жойланганидан кейин кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Бу ҳолат бошқа такрорланмайди”, деди поп-ММА жангчиси.





























Изоҳлар 0
…