
2025 йил 7 май куни Остона шаҳрида Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган тантанали ҳарбий парад бўлиб ўтди. Ушбу тарихий сана муносабати билан ўтказилган йирик тадбир Қозоғистон учун нафақат улуғвор хотира рамзи, балки замонавий армиясининг салоҳиятини намоён этувчи воқеа бўлди.



Парадда Қозоғистон Қуролли Кучларининг барча бўлинмалари, ҳарбий тузилмалар, махсус таълим муассасалари ва ички мудофаа-саноат комплексининг янги ишланмалари намойиш қилинди. 4 мингдан зиёд ҳарбий хизматчи, 200 дан ортиқ замонавий техника, 66 та ҳарбий авиация воситалари – параднинг тантанавор ва шиддатли руҳда ўтишига ҳисса қўшди.



Махсус колонна таркибида илк бор “Бук” ва “Тор” зенит-ракета комплекслари, “Барис”, “Алан”, “Айбар”, “Таимас”, “Террех” каби юк ташувчи ва жанговар техникалар намоён бўлди. Минадан тозалаш учун мўлжалланган робот техникаси, учувчисиз учиш аппаратлари, шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланаётган янги лойиҳалар ҳам томошабинларга тақдим этилди.



Тадбирнинг авиашоу қисми ҳам томошабоп манзарага айланди. Су-30СМ қирувчи самолётлари, А-400 ва Л-410 каби ҳарбий ва йўловчи самолётлар, Би-300 патрул самолёти ва турли турдаги вертолётлар Қозоғистон ҳаво ҳудуди устидан шиддат билан учиб ўтди.



Парадда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев иштирок этиб, ўз нутқида Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг Қозоғистон миллий тарихидаги аҳамияти ва буни қадрлаш зарурлиги ҳақида тўхталди. Шунингдек, давлат раҳбари мазкур сана халқнинг фидокорона меҳнати ва жасорати рамзи эканини таъкидлади.



Тадбирда Ветнам Коммунистик партияси Марказий Қўмитаси Бош котиби То Лам ҳам иштирок этди. Қарийб 5 минг меҳмон — жумладан, уруш фахрийлари, дипломатик корпус ва жамоат ташкилотлари вакиллари парадни жонли кузатди. Бундан ташқари, барча вилоятларда параднинг онлайн трансляцияси амалга оширилди.



Остонанинг марказий майдонидаги ушбу шонли тадбир тарихий хотира ва замонавий ҳарбий салоҳиятнинг уйғунлиги сифатида Қозоғистон армиясининг қудратини яна бир бор намоён этди.



Фото: Қозоғистон президенти матбуот хизмати
Қозоғистон ПарадиИккинчи Жаҳон УрушҒалаба 80 йилОстона ШаҳриАрмия СалоҳиятиТарихий Тадбир Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар