«Уруш режаси»: Британияда аҳолига сув ва консерва захирасини тайёрлаш тавсия этилмоқда

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Британия ҳукумати аҳолини кундалик ҳаёт жиддий издан чиқиши мумкин бўлган ҳолатларга, жумладан, электр ёки сув узилиши, оғир об-ҳаво ва инфратузилмадаги узилишларга тайёргарлик кўришга чақирмоқда.
- Бу тавсиялар кенгроқ бўлиб, муайян уруш бошланиши ҳақидаги прогноз эмас, балки турли инқирозларга тайёргарлик чораси сифатида тақдим этилмоқда.
Британияда фавқулодда ҳолатларга тайёргарлик масаласи яна кун тартибига чиқди. BBC ёзишича, ҳукумат аҳолини кундалик ҳаёт жиддий издан чиқиши мумкин бўлган ҳолатларга тайёргарлик кўришга чақирмоқда. Бунинг доирасида уйда бир неча кунга етадиган сув ва узоқ сақланадиган озиқ-овқат бўлиши, фуқаролик барқарорлигини кучайтириш ҳамда эҳтимолий уруш сценарийларини ҳам ҳисобга олиш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Эътиборлиси, бу хабар ижтимоий тармоқларда тарқалаётганидек, Британия аҳолисига «урушга тайёрланинг» деган алоҳида расмий буйруқ берилди, дегани эмас. Ҳукуматнинг очиқ расмий тавсиялари кенгроқ — электр ёки сув узилиши, оғир об-ҳаво, инфратузилмадаги узилишлар ва бошқа фавқулодда вазиятларга бир неча кун мустақил тайёр туришга қаратилган.
Нега Британияда бу мавзу яна пайдо бўлди?
BBC махсус мухбири Аллан Литтлнинг 17 сентябрдаги таҳлилида Британия жамияти жиддий инқироз ёки уруш шароитига руҳий ва амалий жиҳатдан қай даражада тайёр экани масаласи кўтарилган.
Материалда ҳукуматнинг «war book» — кенг кўламли инқироз ёки уруш шароитида давлат тизимлари қандай ишлашини белгилайдиган режани янгилаш ишларини бошлагани айтилган. BBC бу ҳужжат ўнлаб йиллар давомида янгиланмаганини қайд этган.
Бу ўзгариш Британияда миллий хавфсизлик ва фуқаролик барқарорлигига ёндашув қайта кўриб чиқилаётганини кўрсатади.
Уйда қанча сув ва озиқ-овқат бўлиши керак?
Британия ҳукуматининг фавқулодда вазиятларга тайёргарлик платформаси аҳолига бир неча кунга етадиган асосий захираларни уйда сақлашни тавсия қилади.
Расмий рўйхатда узоқ сақланадиган, тайёрлаш учун музлаткич ёки мураккаб жиҳоз талаб қилмайдиган озиқ-овқат, ичимлик суви, биринчи ёрдам воситалари, фонар, батарея ёки қувват банки, радио ва зарур дорилар каби буюмлар келтирилган.
Ҳукумат платформасида ичимлик суви учун фавқулодда шароитда бир киши бошига кунига тахминан 2,5–3 литр миқдор тавсия қилинади. Уч кунлик захирани ҳисоблаганда бу бир киши учун тахминан 7,5–9 литр сув дегани.
2026 йилги ҳукумат сўрови эса аҳолининг фавқулодда ҳолатларга тайёргарлиги ҳали бир хил эмаслигини кўрсатган. Сўровда иштирок этганларнинг 60 фоизи тайёрлаш талаб қилмайдиган уч кунлик озиқ-овқат захираси борлигини билдирган, аммо фақат 4 фоиз респондентда бир киши бошига кунига 3 литр ҳисобида камида уч кунлик ичимлик суви борлиги аниқланган.
Гап фақат уруш ҳақида эмас
Британия ҳукуматининг расмий «Prepare» платформаси фавқулодда вазиятларни фақат ҳарбий можаро билан боғламайди.
Унда сув таъминоти узилиши, электр энергиясидаги узилишлар, оғир об-ҳаво, инфратузилмадаги авариялар ва бошқа фавқулодда ҳолатлар ҳам тилга олинган. Шунинг учун уйда сув ва озиқ-овқат сақлаш тавсияси муайян уруш бошланиши ҳақидаги прогноз эмас, балки турли инқирозларга тайёргарлик чораси сифатида тақдим этилмоқда.
Британия армияси ҳақидаги баҳс ҳам кучаймоқда
Мавзунинг яна бир томони — мамлакатнинг ҳарбий салоҳияти ва профессионал армия ҳажми ҳақидаги баҳслар.
Британиянинг собиқ НАТО юқори лавозимли қўмондони генерал сэр Ричард Ширрефф 70 минг кишилик армия кенг кўламли уруш учун етарли бўлмаслиги мумкинлигини билдирган ва ҳарбий хизматга чақирувнинг қандайдир шаклини муҳокама қилиш зарурлигини айтган. Бу — Ширреффнинг шахсий позицияси, Британия ҳукумати томонидан эълон қилинган янги мажбурий ҳарбий хизмат тартиби эмас.
Айни пайтда Британияда мажбурий ҳарбий хизмат мавжуд эмас. Британ парламенти Қуйи палатаси кутубхонасининг 2026 йил март ойидаги маълумотномасида мамлакат қуролли кучлари профессионал кўнгилли армия экани қайд этилган.
Аҳоли тайёргарлиги қандай кўринишда?
Расмий тавсияларнинг мазмуни анча оддий: фавқулодда вазиятда ёрдам дарҳол етиб келмаслиги ёки айрим хизматлар вақтинча ишламаслиги мумкин.
Шунинг учун ҳукумат аҳолига:
бир неча кунлик ичимлик сувини;
узоқ сақланадиган озиқ-овқатни;
биринчи ёрдам воситаларини;
зарур дориларни;
фонар ва қўшимча батареяларни;
телефон учун қувват банкини;
фавқулодда хабарларни эшитиш учун радио;
оила аъзолари билан алоқа ва ҳаракат режасини
олдиндан тайёрлаб қўйишни тавсия қилмоқда.
«Уруш режаси»нинг янгиланиши нимани англатади?
Британия ҳукумати 2026 йилги Миллий хавфлар реестрини ҳам янгилаган. Ҳужжат мамлакат ва унинг манфаатларига таъсир қилиши мумкин бўлган энг жиддий хавфларни баҳолайди ва фуқаролар ҳамда ташкилотлар учун фавқулодда вазиятларга тайёргарлик тизимини кучайтиришга қаратилган.
Шу нуқтаи назардан «war book»ни янгилаш давлатнинг ҳар қандай йирик инқироз шароитида бошқарув, таъминот ва жамоат ҳаёти узлуксизлигини таъминлаш сценарийларини қайта кўриб чиқиши сифатида қаралиши мумкин.
Бу эса «Британия урушга киришга қарор қилди» деган маънони англатмайди.
Британия жамияти учун асосий савол
Ҳозирги жараёнда эътиборни тортаётган жиҳат — ҳукумат ва ҳарбий раҳбариятнинг аҳолига хавфлар ҳақида қандай тушунтириш бериши.
Бир томонда давлат фавқулодда вазиятларга тайёргарликни кучайтирмоқда. Иккинчи томонда ҳарбий мутахассислар мамлакатнинг мудофаа салоҳияти, армия ҳажми ва эҳтимолий можароларга тайёргарлиги ҳақида баҳс юритмоқда.
Бироқ бу фактлардан Британияда яқин орада уруш бошланиши ҳақида хулоса чиқариб бўлмайди.
Ҳозирча аниқ кўринаётгани шу: Лондон фавқулодда вазиятларга тайёргарликни фақат давлат идораларининг вазифаси эмас, балки жамиятнинг умумий барқарорлиги масаласи сифатида кўра бошлаган.
Уйдаги сув ва консерва захираси ҳам ана шу ёндашувнинг энг оддий кўринишларидан бири.































Изоҳлар 0
…