
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Россия пойтахти Москвада 9 май куни ўтказиладиган Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган тантанали парадда қатнашмасликка қарор қилди. Бу ҳақда Россия президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаков маълум қилди.
Расмий тушунтиришга кўра, Илҳом Алиев Москвага ташрифини сўнгги лаҳзада бекор қилган ва бу қарор Озарбайжонда мамлакатнинг биринчи президенти Ҳайдар Алиевга бағишланган маҳаллий тадбирларда иштирок этиш зарурати билан изоҳланган. Бироқ таҳлилчилар бу қарор ортида сиёсий сабаблар туриши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.
Шунингдек, Лаос президенти Тхонглун Сисулит ҳам парадда қатнашмайди. Расмий маълумотларга кўра, у коронавирусга чалинган ва унинг ўрнини Москвада Лаос ташқи ишлар вазири Тхонгсаван Фомвихан эгаллайди.
Айтиш жоизки, Ғалаба парадида дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакати раҳбарлари қатнашиши кутилмоқда. Улар орасида Хитой раҳбари Си Цзиньпин, Беларусь президенти Александр Лукашенко, Словакия бош вазири Роберт Фицо, Арманистон бош вазири Никол Пашинян, Вьетнам коммунистик партияси бош котиби То Лам, Бразилия президенти Лула да Сильва, Сербия раҳбари Александр Вучич ва Марказий Осиё мамлакатлари президентлари ҳам бор.
Эътиборлиси, Илҳом Алиев сўнгги бор Москвадаги парадда 2015 йилда иштирок этган. Жорий йилнинг март ойида эса Озарбайжон ва Россия расмийлари Алиевнинг парадда қатнашиш таклифини қабул қилганини маълум қилишганди. Бироқ бу қарор ортидан юз берган воқеалар, хусусан, декабрь ойида Озарбайжон авиакомпаниясига тегишли самолётнинг ҳалокати, икки давлат муносабатларини жиддий синов остига қўйди.
Эслатиб ўтамиз, ушбу авиаҳодисада 38 киши ҳалок бўлган ва воқеа Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими томонидан самолётнинг Грозний осмонида уриб туширилиши билан боғланган. Алиев бу фожиа юзасидан Россия томонини воқеани яширишга ва жамоатчиликка “бемаъни версиялар”ни таклиф қилишда айблаган.
Айни вазиятда Алиевнинг Москвага бормаслик қарори расмий сабабларга боғланса-да, икки давлат ўртасидаги ишонч ва ҳамкорликка жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Бу эса кейинги дипломатик алоқалар учун янги мураккабликлар келтириб чиқариши мумкин.
Москвадаги парад олдидан юзага келган бундай кескинлик эса халқаро кузатувчилар ва сиёсий таҳлилчиларнинг эътиборини янада ошириши табиий. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг