
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украина билан тинчлик музокараларининг навбатдаги босқичини ўтказиш таклифини билдирди. Унинг баёнотига кўра, музокараларнинг иккинчи раунди келаси душанба, 2 июнь куни Истанбул шаҳрида бўлиб ўтади. Бу ҳақда 28 май, чоршанба куни Россия ТИВ расмий сайтида маълум қилинди.
Лавров баёнотида таъкидланишича, Россия томони мазкур учрашувда Киевга тинчлик шартлари акс этган меморандумни тақдим этишга тайёр. Мазкур ҳужжатда бугунги инқирозни келтириб чиқарган муаммоларнинг барчаси ечимлари аниқ белгилаб берилади ва томонларнинг келгуси муносабатларини яхшилаш бўйича таклифлар мавжуд бўлади.
«Россия делегацияси раҳбари Владимир Мединский ушбу меморандумни Украина вакилларига тақдим қилиб, Истанбулда ўтадиган иккинчи раунд музокаралар чоғида керакли тушунтиришларни беришга тайёр», – дейилади Сергей Лавровнинг баёнотида. Шу билан бирга, Россия ташқи ишлар вазири музокаралар учун қулай ва самарали майдон тақдим этгани учун Туркияга самимий миннатдорлик билдирди.
Эслатиб ўтамиз, 16 май куни Истанбул шаҳрида Россия ва Украина ўртасида сўнгги уч йил ичидаги илк тўғридан тўғри учрашув бўлиб ўтган эди. Россия делегациясини президент ёрдамчиси Владимир Мединский бошқарган бўлса, Украина вакилларига мамлакат мудофаа вазири Рустем Умеров етакчилик қилган эди. Учрашув икки соатдан кўпроқ давом этди ва томонлар бир қатор муҳим келишувларга эришишга муваффақ бўлишди.
Хусусан, ўша музокарада икки давлат ҳарбий асирларни «1000 га 1000» формуласи асосида алмашиш бўйича келишиб олишди. Шунингдек, жанг ҳаракатларини тўхтатиш бўйича дастлабки режалар муҳокама қилинди ва янги учрашувлар ўтказиш ҳақида принципиал келишувга эришилди.
Ушбу келишувлар натижасида, 23–25 май кунлари икки давлат ўртасида кенг кўламли асир алмашинуви амалга оширилди. Биринчи кунда томонлар 270 нафар ҳарбий хизматчи ва 120 нафар тинч фуқарони ўзаро алмашишди. Иккинчи кунда 307 нафар, учинчи кунда эса 303 нафар ҳарбий хизматчи ўзаро топширилди. Бу алмашинув 2022 йилдаги ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан бери энг кенг қамровли ва йирик воқелик бўлди.
Экспертларга кўра, 2 июнь куни бўлиб ўтадиган навбатдаги учрашув минтақада тинчлик ўрнатиш йўлида муҳим қадам бўлиши мумкин. Хўш, бу музокаралар тинчликка олиб келадими ёки яна бир дипломатик тортишув билан якунланадими? Бу саволнинг жавобини бутун дунё жамоатчилиги қизиқиш билан кутмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар