Японияда аҳолига қўшимча ёрдам ва эмоционал кўмак бериш мақсадида “OK Obaa chan” (“Хўп бўлади, бувижон”) номли ноёб сервис ишга туширилди. Бу лойиҳа доирасида 60 ёшдан катта бувиларни соатига 3300 иена (тақрибан 22 доллар) эвазига ёллаш мумкин. Сервисда турли ёшдаги – 60 дан 94 ёшгача бўлган қариялар рўйхатдан ўтган бўлиб, мижозлар ўз эҳтиёжига кўра бувиларни танлаб, улар хизматидан фойдаланишлари мумкин.
Ижарага олинган бувилар уй ишларида ёрдам кўрсатади, мазали таом тайёрлашни ўргатади, гап-сўз ва суҳбатга тўла муҳит яратиб беради. Кўпинча ёлғиз одамлар ёки оилавий парваришга муҳтожлар ушбу хизмат орқали катталар меҳридан баҳраманд бўлади. Шу билан бирга, ёшлар ва болаларга ҳаёт тажрибаси ва маънавий кўмак кўрсатишга ҳам катта эътибор қаратилган.
Мазкур ташаббусга жамоатчилик орасида турли фикрлар билдирилмоқда. Айримлар бу хизмат ёши катталар учун янги имконият ва ижтимоий фаоллик манбаи эканини айтишаётган бўлса, бошқалар нотаниш уйларга кириш хавфсизлик масалаларига эътибор қаратиш лозимлигини қайд этмоқда. Бугунги кун Япониянинг ёлғизлик муаммосига эътибор қаратилган бу лойиҳа кўплаб фуқароларга маънавий таянажак бўлиши кутилмоқда.
Маълумот учун, Японияда турли ижара хизматлари ривожланган – нафақат “бувижон”, балки оила аъзолари, ҳатто “ижарадаги амаки” каби ташаббуслар ҳам бор. “OK Obaachan” лойиҳасини аёллар бандлигини оширишга ихтисослашган Client Partners компанияси бошқаради. Бу компания ижарага дўст, ёки вақтинчалик оила аъзоси хизматларини ҳам таклиф қилади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!