Японияда яшашни истаётган хорижликлар учун талаблар янада кучайтирилмоқда

Японияда доимий яшаш ҳуқуқини олишни истаган хорижликлар учун талаблар янада қатъийлаштирилмоқда. Эндиликда япон тилини билиш ҳам асосий шартлардан бирига айланиши кутилмоқда.
Япония Иммиграция хизматлари агентлиги доимий яшаш ҳуқуқини олиш бўйича янги талабларни эълон қилди. Унга кўра, 2027 йил апрелидан бошлаб ариза берувчилардан камида Б1 даражасида япон тилини билиш талаб этилади. Бу даража япон тилини билиш бўйича JLPT тизимидаги тахминан Н3 даражасига мос келади.
Бундан ташқари, ариза берувчининг даромади, молиявий барқарорлиги ва келажакдаги пенсия таъминоти ҳам кўриб чиқилади. Шу орқали хорижликнинг Японияда узоқ муддат давомида ўзини моддий жиҳатдан таъминлай олиши баҳоланади. Япон фуқароси билан турмуш қурган хорижликлар учун ҳам талаблар ўзгаради. Амалдаги тартибда айрим ҳолатларда уч йил никоҳда бўлиш ва Японияда бир йил яшаш етарли бўлса, янги тартибда бу муддат камида беш йил никоҳда бўлиш ва Японияда уч йил яшашгача узайтирилади.
Шундай қилиб, янги қоидалар Японияда доимий яшаш ҳуқуқини олишни режалаштираётган хорижликлардан нафақат мамлакатда етарлича узоқ яшашни, балки тил билими ва молиявий барқарорликни ҳам кўрсатишни талаб қилади.































Изоҳлар 0
…