date

Қозоғистон рақамли давлатга айланишда янги босқич бошлади

Қозоғистон рақамли давлатга айланишда янги босқич бошлади

Сунъий интеллект ва рақамли технологиялар энди мавҳум келажак эмас, балки реал ҳаётнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Бу ҳақда Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Бейбут Атамқулов Тошкент шаҳрида ташкил этилган давра суҳбатида сўзга чиқди.

Мазкур анжуманда Ўзбекистоннинг етакчи экспертлари, таҳлилчилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиб, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг жорий йил 8 сентябрь куни халққа йўллаган мурожаати атрофлича муҳокама қилинди.

“Сунъий интеллект даврида Қозоғистон: долзарб вазифалар ва рақамли трансформация орқали ечимлар” номли мурожаатда мамлакат тараққиёти учун муҳим йўналишлар белгилаб берилди. Хусусан, сунъий интеллект соҳаси алоҳида стратегик устувор вазифа сифатида кўрсатилди.

Элчи Атамқуловнинг таъкидлашича, давлат раҳбари олдимизга улкан мақсад қўйди: уч йил ичида Қозоғистон тўлиқ рақамли давлатга айланиши керак. Бу йўлда президент махсус Сунъий интеллект ва рақамли тараққиёт вазирлигини ташкил этиш ҳамда Рақамли тараққиёт кодексини қабул қилиш ташаббусини илгари сурди. Айни вақтда янги вазирлик иш бошлади ва дастлабки лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Шу билан бирга, Қозоғистонда яқинда мамлакат тарихидаги илк суперкомпьютер ишга туширилди. Миллий банк эса тенгега боғланган илк қозоқ стейблкоинини муомалага киритди. Бу эса рақамли активлар экотизимини шакллантиришда муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда. Олмаота вилоятидаги Alatau City лойиҳаси доирасида эса янги шаҳар ақлли технологиялар асосида барпо этилмоқда ва у мамлакатнинг илк рақамли шаҳрига айланиши режалаштирилган.

Мурожаатда белгиланган вазифалар замонавий дунёдаги тезкор ўзгаришларга мос келиши ва минтақадаги давлатлар мақсадларига уйғун экани алоҳида қайд этилди.

Элчининг сўзларига кўра, Ўзбекистонда ҳам сунъий интеллектнинг миллий модели ишлаб чиқилаётгани, давлат дастурлари самарали амалга оширилаётгани икки мамлакат ўртасида рақамли ҳамкорлик истиқболларини янада кенгайтиради. Дарвоқе, Central Asian Innovation Hubs платформаси фаолият юритмоқда. Astana Hub ва IT Park Uzbekistan ҳамкорлигидаги лойиҳалар орқали халқаро стартаплар амалга оширилаётгани ҳам шундан далолатдир.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, Марказий Осиё бугун интеграциянинг янги тарихий босқичини бошдан кечирмоқда ва шу даврда минтақанинг келгуси фаровонлиги ҳамда барқарорлиги учун мустаҳкам асос яратилмоқда.

Шу билан бирга, Қозоғистон раҳбарининг халққа мурожаатлари мамлакат сиёсий ҳаётида анъанага айлангани ҳам эслатиб ўтилди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қозоғистон рақамли давлатга айланишда янги босқич бошлади