
АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Россия–Украина урушини тугатиш учун ишлаб чиққан навбатдаги тинчлик концепциясини бир нечта нуфузли нашрлар бир вақтнинг ўзида ёритди. Axios, Reuters, Financial Times ва The Economist манбаларига таяниб хабар беришича, Вашингтон таклиф қилаётган янги лойиҳа Донецк областининг катта қисмини Россияга топшириш, Қрим ва Донбассни Россия ҳудуди сифатида амалий тарзда тан олиш, шунингдек Запорижжя ва Херсонда фронт чизиғини музлатиш каби жиддий имтиёзларни ўз ичига олади. Бу эса Украина ва унинг иттифоқчилари томонидан “катта ён бериш” деб баҳоланиши мумкин.
Манбалар таъкидлашича, Янги Вашингтон режаси жами 28 банддан иборат бўлиб, Украина қўшинларини Донецкдан олиб чиқишни ҳамда икки томон учун ҳарбийлардан холи зона яратишни назарда тутади. Параллел равишда Россия ҳам Донецк ва Луҳанск ҳудудларига армия жойлаштириш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.
Шу билан бирга, Россия қисман эгаллаган, аммо тўлиқ назорат қилолмаган Запорижжя ва Херсон областларидаги фронт жойида “музлаб қолади”. Келгусида музокаралар орқали ушбу ҳудудларнинг қайси қисми Украинага қайтарилиши мумкинлиги ҳақида аниқ механизм ҳозирча белгиланмаган.
Режанинг энг баҳсли жиҳатларидан бири — АҚШ ва Европадаги бир қатор давлатлар Қрим ва Донбассни Россия ҳудуди сифатида расман тан олади, аммо Украина бундай тан олишга мажбурланмайди. Шунингдек, Киевнинг узоқ масофали ракета зарбаларини қўллаш имкониятлари чекланади, Украина армияси сони икки ёки икки ярим баравар қисқартирилиши назарда тутилади.
Financial Times манбалари қўшимча қилганича, Киев рус тилига расмий мақом бериш, Рус православ черковига алоҳида ҳуқуқий мақом ажратиш каби талабларга ҳам дуч келиши мумкин. Режа чет эл қўшинларини Украина ҳудудига жойлаштиришни ҳам қатъий тарзда тақиқлайди.
АҚШ эса бу имтиёзлар эвазига Россиянинг навбатдаги ҳарбий тажовузи бўлган тақдирда Украинага хавфсизлик кафолатлари берилишини таклиф қилмоқда. Аммо бу кафолатларнинг қай тарзда ишлаши ҳозирча номаълум.
Украина – режа ёқмаган ягона томон
Гарчи Трамп маъмурияти бу таклифни “реалистик йўл харитаси” сифатида кўрмоқда, Киев унга очиқдан-очиқ рози эмас. Axios хабарига кўра, Президент Зеленский режани муҳокама қилиш учун йиғин ташкил этилиши керак бўлган Анқара учрашувини бекор қилган. Украина манбалари таъкидлашича, Киев бу режани Европа давлатлари иштирокида кенгроқ форматда муҳокама қилишни хоҳлаган.
Шунингдек, Украина томони музокараларнинг тўхтаб қолишини мамлакат энергетика соҳасидаги коррупция можароси билан боғлаётган версиялар ҳам мавжуд.
Reuters манбалари таъкидлашича, Вашингтон Киевни режадаги асосий пунктларга рози қилиш тарафдори. АҚШ расмийлари фикрича, агар уруш давом этса, Украина барибир Донбассни йўқотади, шунинг учун келишувни ҳозир тузиш Киев манфаатига мос келади.
Европа – ишончсиз, Россия – қаноатли
Европанинг бир қатор расмийлари бу ташаббусга қаттиқ шубҳа билан қарамоқда. Bloomberg мухбири Алекс Уикҳэм ёзишича, Европа мамлакатлари АҚШ ва Россия ўзаро “йўл топишга уриняпти”, бундай жараёндан четда қолган Европа эса ўйиндан узоқлашиб бормоқда, деган хавотирда. Европа томони Россия бу музокаралардан санкциялар босимини камайтириш учун фойдаланаётгани ҳақида ҳам фикр билдираётгани айтилади.
Шу билан бирга, Кремл ташаббус матбуотда пайдо бўлганидан сўнг музокараларни давом эттиришга тайёрлигини маълум қилди. Дмитрий Песковнинг айтишича, “Москва мулоқотдан қочмаяпти, танаффус Киевнинг музокара истамаслиги сабаб юзага келган”.
Туркиянинг ўрни ва Зеленскийнинг реакцияси
Зеленский Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан учрашувда Анқарани воситачилик қилгани учун миннатдорлик билдирди ва “Туркия зарур дипломатик майдонни тақдим этмоқда” дея таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Украина президент Трампнинг урушни қатъий ва адолатли шартлар билан тугатиш бўйича ҳар бир ташаббусини қўллаб-қувватлайди.
Зеленский шу билан бирга, урушни “ишончли ва муносиб якунлаш” мумкин бўлган ҳар қандай форматда ишлашга тайёрлигини билдирди.
Якуний хулоса қилиб айтганда, Вашингтоннинг янги режаси Украина атрофидаги дипломатик майдонни янада қиздиряпти. Бир томонда — Россияга яқин талаблар, иккинчи томонда — Киевнинг кескин қаршилиги. Европа эса давлатлар ўзаро “катта ўйин” ўтказаётганини кузатиб, эҳтиёткор кутмоқда. Шундай шароитда бу режа ҳақиқий тинчликка йўл очадими ёки навбатдаги сиёсий босқичга айланадими — ҳали аниқ эмас.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.