date
views 7 757

Фукусиманинг радиацияси Канадагача етиб борди

Фукусиманинг радиацияси Канадагача етиб борди

PNAS илмий журналида канадалик ва америкалик олимларнинг Тинч океани, Шимолий Америка соҳилларидаги радиация даражасини ўрганишга бағишланган тадқиқоти эълон қилинди, деб хабар бермоқда kun.uz.

2011 йилнинг март ойида юз берган кучли зилзила ва цунами натижасида Япониядаги “Фукусима-1” атом электр станциясида даҳшатли авария содир бўлганди.

2012 йилнинг июнида эса Канада балиқчилик ва океанлар вазирлигидан Жон Смит ва унин ҳамкасблари Тинч океанидаги радиоактив чиқиндилар (айнан цезий-134 ва цезий-137 изотоплари) даражасини ўрганишга киришди.

Кузатув ишлари 2014 йилнинг февралига қадар давом этди.

Радиоактивлик мавжудлиги ҳақидаги дастлабки сигналлар кузатув ишлари бошланганидаёқ, 2012 йилнинг ёзида, Британия Колумбияси (Канаданинг бир вилояти)дан 1,5 минг километр узоқликда топилди.

Орадан бир йил ўтиб Канаданинг континентал шельфидаги радиоактивлик даражаси “Фукусима”даги авариядан аввалги ҳолатга нисбатан икки баробар – бир кубометрга 2 беккерелгача ўсгани маълум бўлди.

Мутахассисларнинг тахминича, 2015-2016 йилларга бориб радиация даражаси ўзининг энг юқори чўққисига (бир кубометрга 3-5 беккерель) чиқиши мумкин.

Шунга қарамай, олимларнинг фикрича, бундай миқдордаги цезий изотопларининг океан сувида бўлиши одамлар саломатлигига хавф солмайди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Фукусиманинг радиацияси Канадагача етиб борди