00:11 / 25.03.2022
2 737

Урушнинг 29-куни якунлари: Зеленский ёрдам сўради, Ғарб ёрдам ваъда қилди

Урушнинг 29-куни якунлари: Зеленский ёрдам сўради, Ғарб ёрдам ваъда қилди
Пайшанба куни Россия Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошлаганига бир ой тўлди. Бу вақт мобайнида россияликлар армияси қўшни мамлакатдаги бирор йирик шаҳарни эгаллай олмади. Эгаллаб олинган кам сонли шаҳарлардан бири - Бердянскда - Украина ҳарбий-денгиз кучлари Россиянинг йирик десант кораблини чўктирганини маълум қилди.

Экспертларнинг баҳоларига кўра, Украина армияси ҳозирча муҳим йўналишларда мудофаа чизиғини сақлаб туриш учун, айрим жойларда эса қарши ҳужумларга ўтиш учун ҳам етарли кучга эга.

Хусусан, Америка разведка хизматлари маълумотига кўра, Киев остониасида украин армияси Россия қўшинини шаҳар марказидан 55 км масофага чекинтирган ва уларни қуршовга олишга ҳаракат қилмоқда.

Ҳарбий ҳаракатлар давом этмоқда. Пайшанбага ўтар кечаси Россия армияси яна Киев, Харьков, Чернигов ва Мариуполни ўққа тутди.

Украина вице-премьери, вақтинча босиб олинган ҳудудлар реинтерацияси вазири Ирина Верешчукнинг маълумотига кўра, пайшанба куни еттита гуманитар йўлакда, жумладан Мариуполда Запорожьега тинч аҳолини эвакуация қилиш ишлари амалга оширилиши режалаштирилганди.

Украина қуролли кучлари маълумотига кўра, пайшанбага ўтар кечаси Россия самолётлари 250 та (бир кун олдингидан 60тага кўп) жанговар парвозларни амалга ошириб, ҳарбий объектлар ва фуқаролик инфратузилмаларига зарба берган. Украина бош штабида қайд этилишича, бу уруш бошидан буён энг юқори кўрсаткич.

BBC урушнинг навбатдаги кунида рўй берган маълумотларни келтирди.

Мариуполнинг бугунги кўриниши. Фото: SOPA IMAGES
Фронтдаги сўнгги воқеалар
Пайшанба тонгида Украина ҳарбий-денгиз флоти Бердянск портида россияликларнинг десант корабли портлатиб юборилгани ҳақида маълумот берди.

«Россия томонидан эгалланган Бердянск портида Қора денгиз флотининг «Орск» номли десант кемаси йўқ қилинди», дейилган вазирликнинг фейсбукдаги саҳифасида.

Ижтимоий тармоқларда қуюқ қора тутун ичида қолган ҳарбий кема акс этган сурат ва видеолар тарқалди.

Пайшанбага ўтар кечаси Украина томони Россия Украина чегараларига қўшимча бўлинмалар олиб келаётгани тўғрисида маълум қилган. Хусусан, Беларусь билан чегарадаги Гомель областида фаоллик кузатилган, Украина қуролли кучлари маълумотига кўра, бу ерга Шарқий ҳарбий округ қисмлари ва ҳаво-десант қўшинлари ташланмоқда.

Украина қуролли кучлари томонидан амалга оширилган ҳаракатлар натижасида Россия армияси катта йўқотишларга учрагани таъкидланган.

«Мавжуд маълумотларга кўра, Шарқий ҳарбий округнинг 20-армияси 144-мотоўқчилар дивизиясини тиклаш учун Смоленск области ҳарбий комиссариятлари шартномалар тузиш бўйича ҳаракатларни фаоллаштирган. Бўлинмаларга Суриядаги ҳарбий командировкадан қайтганларни ҳам жалб этиш ишлари олиб борилмоқда», дейилади Украина бош штаби маълумотида.

Россия томонининг йўқотишлари бўйича аниқ маълумотлар йўқ. РФ мудофаа вазирлиги ўз йўқотишлари тўғрисида фақат бир марта, 2 март куни маълумот берган ва 498 нафар россиялик ҳарбий ҳалок бўлганини тасдиқлаганди.

Аммо, Украина қўмондонлиги ва НАТО маълумотига кўра, айни вақтгача россияликларнинг йўқотишлари 9 мингдан 15 минггача, яраланиб сафдан чиққанлар ҳисобига эса бу миқдор 30-40 минг кишини ташкил этиши мумкин.

Россия мудофаа вазирлигининг сўнгги баёнотида пайшанбага ўтар кечаси Россия армияси Харьков областидаги район маркази бўлган Изюмни тўлиқ назоратга олгани ҳақида хабар қилинди.

Изюм аҳолиси 50 минг кишига яқин, аммо шаҳар муҳим темирйўл тугунида жойлашган. Изюм расмийлари эса шаҳар учун жанглар давом этаётганини маълум қилган.

Россия ва Украина ўртасида илк ҳарбий асирлар алмашинуви
Украина вице-премьери Ирина Верешчукнинг сўзларига кўра, пайшанба куни Москва ва Киев ўртасида илк бор расмий асирлар алмашинуви амалга оширилди - асирликдаги 10 нафар россиялик ҳарбий ўн нафар украиналикка алмаштирилди.

Бундан ташқари, ҳарбий бўлмаган асирлар алмашинуви ҳам амалга оширилган - Россиядан бўлган 11 нафар денгизчи (улар Одессада қўлга олинган) 19 нафар украин денгизчиларига алмаштирилган. Украиналик денгизчилар Змеиний оролидаги ҳарбий персонални эвакуация қилиш учун борганида қўлга тушгани маълум.

Россия омбудсмени Татьяна Москалькова ҳам асирлар алмашинуви ҳақидаги маълумотни тасдиқлади.

Фавқулодда саммитлар

Зеленский НАТО саммити иштирокчиларига мурожаат қилмоқда. Фото: EPA
Пайшанба куни Брюсселда йирик халқаро иттифоқлар - G7, НАТО ва Европа иттифоқи етакчилари иштирокида саммитлар бошланди.

Украина президенти Владимир Зеленский НАТО вакилларига видеоалоқа орқали мурожаат қилди. У яна бир бор альянсни сиёсий ирода кўрсатишга ва Киевнинг Украина осмонини ёпиш борасидаги сўровига эътибор қаратишга чақирди.

Зеленский Россия Украинада тўхташни ўйламаётгани ва НАТОнинг Европа шарқидаги аъзолари - Болтиқбўйи давлатлари ва Польшага ҳам ҳужум қилишни кўзлаётгани ҳақида огоҳлантирди. «Наҳотки ўшанда ҳам НАТО Россия альянснинг ташқи аралашувига қандай муносабатда бўлишидан хавотирланиб ўтирса?» дея савол қўйди Зеленский.

У шунингдек, Украина армияси нималарга қодирлигини намойиш этганини айтиб ўтган. «Бундан кейин, илтимос, ҳеч қачон, ҳеч қачон бизга бизнинг армия НАТО стандартларига жавоб бермаслиги ҳақида гапирманг. Биз ўз стандартларимиз нималарга қодир эканини кўрсатиб қўйдик. Ва биз Европа ва дунёдаги умумий хавфсизлик учун яна кўп иш қила олишимиз мумки», деди у.

Зеленский Украина НАТОга киришни истаётгани ҳақида ҳеч нарса демаган. Аввалроқ у бу деярли имконсиз экани, бундан ташқари, Украина блоклардан холи бўлиши - Россия талабларидан бири эканини қайд этганди.

Шу билан бирга, у «Катта еттилик» учрашувида ҳам онлайн иштирок этиб, Россия билан савдога тўлиқ эмбарго қўйиш, РФни урушда GPS’дан фойдаланиш имкониятидан маҳрум қилиш, Россия банклари ва Марказий банкни глобал молия тизимидан иҳоталаш ва G7 Украина учун хавфсизлик кафолатларининг янги тизимини яратишда иштирок этиши кераклиги ҳақида гапирди.

«Биз урушдан кейин биргаликда давлатимизни тиклаймиз — шаҳарларни қайта қурамиз, иқтисодий ҳаётни тиклаймиз ва одамларни қайтарамиз», деди Украина раҳбари.

НАТО фавқулодда саммит якунлари бўйича қўшма баёнотни эълон қилди.

АҚШ президенти Жо Байден Европага Россияга қарши янги санкциялар пакети билан келди. Фото: AFP
Альянс Россия Украина билан музокараларга «жиддий муносабат»да бўлиши ва зудлик билан сулҳ тузиши кераклиги қайд этилган. «Музокаралар вақтида Россия тажовузи давом эттирилиши қораланади», — дейилган баёнотда.

НАТО Украинанинг ҳарбий қудратини мустаҳкамлаб, ушбу мамлакатнинг ҳимояланишга бўлган ҳуқуқини амалга оширишга ёрдам кўрсатишда давом этишни ваъда қилди. Альянс Украинага киберхавфсизлик соҳасида ҳам ёрдам кўрсатади, шунингдек, кимёвий, биологик ва ядровий таҳдидлардан ҳимояланиш учун керакли воситаларни етказиб беради.

Альянс Болгария, Руминия, Венгрия ва Словакии ҳудудида тўртта янги халқаро гуруҳлар ташкил этилишини эълон қилди — қўшимчасига альянснинг шарқий чегараларига 40 минг ҳарбий хизматчи жойлаштирилади.

Шунингдек, Пекиндан Россияни ҳар қандай қўллаб-қувватлашдан тийилиш ва Россияни урушни тинч йўл билан тўхтатишга ундаш учун ўз таъсиридан фойдаланиш сўралади.

Иттифоқчилар Россия ташқи аралашуви хавфи мавжуд бўлган бошқа ҳамкор давлатлар, жумладан Грузия ҳамда Босния ва Герцеговинани қўллаб-қувватлашни кучайтириш борасида ҳам келишиб олган.

АҚШ президенти Жо Байден НАТО Украинага ҳарбий ёрдам ҳажмини ошириб, бу давлатга қўшимча қуроллар, жумладан, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари етказиб беришини маълум қилди.

У НАТО ҳарбийларини Украинага жўнатмаслиги, аммо шарқий флангда доимий асосда жойлашувчи контингентларини кўпайтириши, шунингдек ҳаво ҳужумидан мудофаа ва ракеталарга қарши мудофаа тизимарини кучайтиришини таъкидлади.

Ҳозиргача Британия Украинага яна 6000 та танкка қарши ракеталар, Швеция - 5000, Германия эса - 2000 та танкка қарши гранатомётлар етказиб бериши маълум.

Россияга қарши янги санкциялар
Пайшанба куни Буюк Британия Россияга қарши санкцияларни кенгайтирди. Бу сафар Альфа-банк, Газпромбанк, Россельхозбанк активлари музлатилди. Бундан ташқари, АЛРОСА, РЖД ва бошқалар ҳам санкцияларга дучор бўлди.

Санкциялар рўйхатига жисмоний шахслардан Сбербанк раҳбари Герман Греф, «Тинькофф-банк» асосчиси Олег Тиньков, Роман Абрамовичнинг эски ҳамкори - Millhouse’нинг собиқ раҳбари Евгений Швидлер ва яна бошқа кўплар киритилган (жами - 33 киши).

АҚШ эса Россия давлат думаси депутатлари ва мудофаа корхоналарига санкциялар эълон қилди. АҚШ молия вазирлиги Россия Марказий банки билан олтин орқали операциялар амалга оширишни тақиқлаган.

Шу билан бирга кўп вақтдан буён илк бор Москва биржасида савдолар тикланди.

Савдо очилишидан бир неча соат ўтгач, Мосбиржада индекси деярли 9,5 фоизга ўсди. Бу фонда рубль евро ва долларга нисбатан бирмунча мустаҳкамланди.

Вашингтон ҳар қандай сценарийга тайёр

Ғарбдаги мутахассислар советлар иттифоқи биологик қуроллар ишлаб чиқаргани ва бу ишланмаган Россияга мерос бўлиб қолганини эслатмоқда
New York Times маълумотига кўра, Украинадаги урушнинг илк кунидаёқ Оқ уй «Йўлбарслар жамоаси» номли махсус гуруҳ тузган, гуруҳ аъзолари Москванинг келгусидаги эҳтимолий хатти-ҳаракатларига жавоб қадамларини ишлаб чиқиш билан шуғулланади.

АҚШ Россия оммавий қирғин қуролларини (кимёвий, биологик ёки ядровий) қўллашгача бориши мумкинлигини истисно этмаган.

Мутахассислар гуруҳи ҳафтада уч бор йиғилади. Улар Россия бошқа давлатлар, жумладан Молдова ва Грузияга ҳужум қилган тақдирда, қандай йўл тутиш вариантларини ҳам кўриб чиқишган.

Аввалроқ НАТО раҳбари Йенс Столтенберг Россия ядровий риторикасини бас қилиши кераклиги ва ядровий урушда ғолиб бўлолмаслигини тушуниши кераклигини айтиб огоҳлантирганди. Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Урушнинг 29-куни якунлари: Зеленский ёрдам сўради, Ғарб ёрдам ваъда қилди