19:00 / 15.01.2017
14 338

Қўйнимда бир ёр-y, кўнглимда бир ёр

Қўйнимда бир ёр-y, кўнглимда бир ёр

Ҳаёт бизга сабоқ беради, билмаганларимизни ўргатади, ўзгалар ҳаёти мисолида огоҳлантиради. Севги, ёшлик хатоси, пешона экан, деб қўямиз. Кўнгил деган нарсаям бор, муҳаббат бизни ўз йўриғига юргиза олишиям бор гап. Лекин унинг оқибатида келадиган балолар-чи, бош оғриқлари, кўз ёшлари? У шуларга арзирмикин аслида? Балки бу гапларда ҳам жон бордир. Лекин кўпинча биз ўзимиз билиб туриб, бошимизни дорга тутиб берамиз, кўриниб турган чоҳга тушамиз. Кейин эса, пушаймон бўлиб, минг куюнмайлик, қани эди, ҳаммасини ўз ўрнига қўйиш мумкин бўлганда?..


1-кўзгу

У мактабда ўқиб юрган пайтидаёқ ўзларидан икки синф пастда ўқийдиган Лолани яхши кўрган. Унинг ортидан югуриб, кўнглига йўл топа олди, улар мактабни тугатиш арафасида бошқалардан пинҳон равишда учрашиб юра бошлашди. Кейин эса, мактабни тугатиб, ҳамма ҳар тарафга учирма бўлиб кетишди. Санжар бўш вақт топди дегунча, Лолаларнинг уйи атрофида ўралашиб юрар, уни учрашувга чақирарди. Лола уйидан чиқа олишни уддаласа, улар бирга айланиб юришарди, тунни эса телефонда тонггача гаплашиб ўтказишарди. Шу тариқа йиллар ўта бошлади. Ниҳоят, уйдагилар уйланиш ҳақида гап очишганда, у ўйлаб ҳам ўтирмай Лола ҳақида сўз очди. Лекин онасининг кўз остига олиб қўйган қизи бор экан. У отасининг дўстининг қизи Манзура эди. Тўғри, Манзура жуда ақлли, одобли ва ёқимтой. Улар оилавий борди-келди қилишгани боис ҳам, Манзурани яхши биларди. Отаси танловни ўғлининг ўзига қўйиб берса-да, онаси қаттиқ қаршилик қилди. Ўша қизнинг Санжар билан узоқ йиллардан бери учрашиб юришини эшитиб, тўнини умуман тескари кийиб олди. “Унақа йигитлар билан юрадиган, одобсиз қизларни” ёқтирмаслигини бот-бот такрорларди онаси. Бироқ, у йигитлар билан эмас, фақат мен билан юради, деб уни оқлашга тутинди Санжар. Қани, онасига гап уқтириб бўлса. У онасининг ундови билан Манзура билан учрашди. Гаплари бамаъни, ўзиям жуда чиройли қиз экан. Учрашувдан унинг фикри ўзгариб қайтди, ростдан ҳам Манзура унга ёққанди. Лекин Лола-чи? У Санжарни деб неча жойдан чиққан яхши одамларга рад жавобини берди ва ҳамон уни кутмоқда. У Лолага нима дейди энди?

Хуллас, тўй бўлиб ўтди. Ҳаммаси ажойиб, ҳаммаси яхши, фақат тўйдан кейин уни виждон азоби анча пайтгача қийнаб юрди. Кейин улар болали бўлишди, ўғлидан кейин қизи туғилди. Йиллар шу тариқа бир-бирини қувлаб ўта бошлашди. Манзура ёмон хотин эмасди, доим унинг кўнглига қарар, аммо барибир, кўнгил негадир биринчи муҳаббати Лолани қўмсарди. Баъзи тунлари ухлолмай, тонггача уни ўйларди. Уйланганидан кейин унинг ҳам турмушга чиқиб кетгани ҳақида эшитганди. Шундан сўнг ҳаммаси жимлик қаърига чўкди…

Бир куни у иш билан нотариусга бориб, ўша ерда тўсатдан Лолани учратади. У эридан ажрашибди, ўғли билан ота-онаси олиб берган уйда яшаётган экан, ишга кирибди. Уёғи худди кинолардек бўлди. Аввал телефонда гаплашиб юришди, кейин пинҳона учрашувлар. Иш шу даражага етдики, Санжар энди Лоласиз яшай олмаслигини тушунди, бунинг устига, у ҳомиладор бўлиб қолганди, улар ҳаммадан пинҳон никоҳдан ўтиб, яшай бошлашди. Санжар ҳаммадан буни сир тутишга минг ҳаракат қилмасин, хотини биринчи бўлиб сезди, тўғрироғи, телефондаги Лоланинг уй кийимида у билан бирга тушган суратини кўриб қолди. Ота-онаси уни ўртага олишди, ҳақиқатни айтишдан ўзга чораси қолмади. Манзура йиғлади-сиқтади, ота-онаси минг гапирди. Лекин ғишт қолипдан кўчиб бўлганди.

Ҳозир у икки ўт орасида қийналади. Манзурага борса, Лола йиғлайди, хотинига келса, маъшуқаси кўзидан ёшлар оқади. Орада Санжарга қийин бўлиб қолди. Олган маоши хотинларининг эҳтиёжини қондиришга етмайди, бунинг устига, тўрт нафар болани боқиш, кийинтириш… Тунлари уйқуси ўчиб кетади баъзида. Балки ўшанда онаси уни мажбурлаб уйлантирмаганда, бу ҳолга тушмаган бўлармиди? Ҳозир у бир йўла икки аёлни бахтсиз қилди, улар орасида иккига бўлиниб, ўзиям азобини тортмоқда. Икки кема ўртасида бир кун келиб, чўкиб кетмаса яхши эди.


2-кўзгу

Биз у билан бир қаватда ишлардик. Йўқ, бир корхонада эмас. У менимча, қайсидир бир фирмада бухгалтер эди. Эшикларимиз рўпарама-рўпара бўлгани учун қия турган эшикдан уни кўриб турардим. Йўлакда ҳам кўп бор у билан тўқнаш келганман, мен унга салом берар, у эса жилмайиб алик оларди ва жуда хушмуомалалик билан ҳол-аҳвол сўрарди. Йўқ-йўқ, менинг хаёлимга ҳеч қачон ёмон фикр келмаган. Унинг хотини, болалари бўлиши аниқ, мен ҳам икки нафар ўғилнинг онаси эдим. Эрим жуда яхши инсон, ундан нолисам, ношукр бўламан. Лекин менинг кўнглимга ишқ учқуни қачон тушганини ўзим ҳам билмай қолдим.

Унинг эшиги мудом очиқ турарди, бизники ҳам. Бир куни қоғозлардан шундоқ бошимни кўтариб, рўпарамга қарадим-у, бир муддат тикилиб қолдим. У негадир менга қараб турарди. Ўша йигит… мен қотиб қолдим, кейин эса, шошиб кўзимни олиб қочдим. Лекин ўша нигоҳлар билан ичим ағдар-тўнтар бўлиб кетганини сездим. Ҳаётимда ҳали бунақа ёқимли ҳисга ошно бўлмагандим. Шу-шу, уни кузатадиган, пинҳона у томонга кўз тикадиган бўлдим. Бир неча бор унинг нигоҳлари асирига айландим. Мен унинг кўнглидаям қанақадир туйғулар уйғонганини сезардим, йўлакда учрашиб қолганимизда ҳам, у менга бошқача тикиларди.

Ҳозир мен фақат у ҳақда ўйлайман, тонг отса-ю, ишга борсам ва уни кўрсам, дейман. Бир куни ишдан кечроқ чиқдим, эшикни қулфлаётганимда у ҳам чиқди. Биз сўрашдик ва йўлакнинг охиригача бирга кетдик, кейин зиналардан пастга тушдик, бекатгача кетдик. Унинг кўзлари мени тамом қилаёзди, гарчи у менга ўз туйғуларини ошкор этмаган бўлса-да, бироқ ҳаммаси кундек равшан эди. Ўша тун мижжа қоққаним йўқ, кўзимни юмсам, унинг нигоҳлари кўз олдимда намоён бўлади.

Баъзида виждоним қийналади, эримнинг олдида ўзимни гуноҳкордек ҳис қиламан. Йўқ, турмуш ўртоғимга нисбатан муносабатим зиғирчаям ўзгаргани йўқ. Мен ҳеч қачон ёмон хаёлларга бормаганман. Шунчаки ўша инсонга кўнглим тушиб қолди. Мен у ҳақда кўп ўйлайман, хотини қанақа экан, уйида бахтлимикин, деб қизиқаман, у билан кўпроқ гаплашишни, хаёллари, ўйлари, орзулари ҳақида билгим келади. Лекин менинг бунга ҳаққим йўқ, худди унинг менга ҳаққи йўқдек. Ишимни ўзгартиришим керак, чамамда. Лекин уни йўқотиб қўйишдан қўрқаман ва бу хаёлни ўзимдан кетказишга ҳаракат қиламан. Бурч ва муҳаббат… икки ўт орасида қийналиб кетдим. Агар уни илгарироқ учратганимда, фақат уни деган бўлардим. Энди эса, жуда кеч. Ҳаётимни ўзгартира олмайман, лекин у ҳақда ўйлаш, уни орзу қилишдан ўзимни тўхтата олмаяпман…

ШАБНАМ

Манба: Diydoraziz.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Қўйнимда бир ёр-y, кўнглимда бир ёр