2011 йилда дадам вафот этди. Биласизми, бу — бутун инсониятнинг тақдири, пайғамбарлардан қолган мерос. Мен ҳеч нарсани достон қилмоқчи эмасман. Мен бошқа нарсани исботламоқчиман.
Инсон туғилибдики, ота ва онаси унга ҳамроҳ бўлади, суянчиқ бўлади. Илк қадамлар ҳам улар томон босилади. Аммо у улғайган сари, ота-онага бўлган муҳтожлик камайиб боради. Энди ўзингиз юришни ўрганасиз. Биров қўлингиздан тутиши шарт эмас. Ўқишни ўрганасиз. Энди бошқаларнинг эртак айтиб беришига зор эмассиз. Пул топа бошлайсиз. Энди истаган нарсангизни ўзингиз сотиб олишингиз мумкин ва ҳоказо.
Энг даҳшатлиси, уларнинг ҳаётингиздаги ўрни йиллар ўтган сари камайиб бораверади. Инсоннинг энг буюк хатоси эса, доимо ўзи муҳтож бўлган нарсага талпинади, ўша нарсанинг ҳаётидаги ўрни ҳақида кўпроқ фикр юритади.
Хўп, бир йил олдин дадам мен учун ким эди?
Дадам эди.
Хўш?
Ишга бораман, келаман. Саломлашаман. Бирга ўтириб, овқатланамиз. Баъзан бирга футбол кўрамиз. Баъзан алоҳида кўрамиз. Баъзан қайсидир мавзуда гаплашамиз. Баъзан эса, умуман гаплашмаган кунларимиз бўлган. Сабаб ўша суҳбатсиз ҳам куним ўтаверган. Эрта бор-ку?! Аминманки, сизнинг ҳам мендан фарқингиз йўқ. Чунки буни аллақачон кашф қилганман, сиз билан мен жуда ўхшаймиз.
Мен ҳозир, сочимни юлмаяпман. Нега, кўпроқ гаплашмадим, деб ғалати надоматлар чеккандек кўрсатиб, сизнинг ҳиссиётларингиз билан ўйнашиш ниятим йўқ. Оддий ҳақиқатни айтмоқчиман.
Биласизми, мен дадамнинг вафотини эшитганимда, ўша куни бир кун олдинги воқеаларни умуман эсламадим. Дадамнинг менинг ҳаётимдаги ўрни, захира ўриндиғида эканини ҳам ҳис қилмадим. Мен захира ўйинчисини йўқотган жамоага умуман ўхшамасдим. Менинг дадамга бўлган муносабатим тубдан ўзгарди, мен энди "дадам" деганда, ўша бир кунимнинг қандайдир дақиқаларини бирга ўтказадиган инсонни эмас, ҳаётимнинг муҳим бир бўлагини тушуна бошладим...
Мана, мени елкаларида кўтариб боғчага олиб боряпти. Ана, ҳеч қайси ўртоғимда бўлмаган қимматбаҳо "танк"ни кўтариб келди. Ана, мен биринчи синфнинг биринчи дарсидаман, ўқишни биламан чунки, дадам аллақачон ўргатган. Ана, ташқарида, дарсим тугашини кутиб, қалин китоб ўқиб ўтирибдилар. Ана, бирга футболга боряпмиз — у пайтларда стадионларда аншлаг бўларди — йўқолиб қолмасин, деб қўлимдан маҳкам ушлаб олган. Эҳ-ҳе, бундай дақиқаларнинг саноғи йўқку?!
Нега кеча бу ҳақида ўйламадим? Нега хаётимнинг ҳар бир муҳим дақиқасида ёнимда дадам бўлганини ҳар доим ҳам эслаб юрмаганман? Нега сиз эслаб юрмайсиз? Наҳотки, бир инсоннинг сизга қанчалик азизлигини билиш учун битта умрнинг тугаши шарт бўлса? Наҳотки, умрнинг қадрига етишимиз учун унинг аслида қанча дақиқадан иборат эканини билишга муҳтож бўлсак? Бусиз иложи йўқми?
Умримиз ҳам, бировнинг умри ҳам дақиқалар йиғиндисидан иборат экан, уни қадрлайлик. Инсонга баҳо беришда, бировнинг бизнинг ҳаётимиздаги ўрнини аниқлашда айнан ҳозирги мақомини эмас, умуман у биз учун ким бўлганини ҳам эслашни ўрнайлик. Ана ўшандагина, манфаатлар ботқоғига ботиб қолган бу замонда инсоний муносабатларни тарғиб қилиш осонлашади.
Қаҳрамон Асланов
Манба: hilol.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
БААда исроиллик раввин ўлдириб кетилди
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
Халқаро суд қарори: Нетаняху ва Галлант ҳибсга олинса нима бўлади?
Лукашенко полшалик қочоқ судяга бошпана тақдим этди
Абдусалом Азизовнинг Хавфсизлик кенгашига ўтказилгани тасдиқланмади
Баҳодир Қурбонов ДХХ раиси этиб тайинланди
Россия Украинанинг қатор минтақаларига ракеталар билан ҳужум қилди