20:02 / 09.08.2017
14 852

Алда(н)ган қизлар қисмати...

Алда(н)ган қизлар қисмати...
Охирги пайтлар ўзимни қаригандек ҳис қилаяпман. Йўқ-йўқ, бу гапимдан мени сочларига оқ тушиб, юзларига ажин соя солаётган 30-40 ёшлар деб ўйламанг, бор-йўғи 25 ёшдаман. Ўқиган бўлсангиз, Бальзакнинг “Сағри тери тилсими”даги қаҳрамоннинг бир куни бир йилдек жуда тез қариб кетади-ку, худди шундай. Касбимиз тақозоси билан кўча-куйда, одамлар орасида кўп бўлишга тўғри келади. Авваллари беэътибор эканманми ё ростдан ҳам кейин ўзгариб кетишдими, гул-гул қизларимизда тиконни ҳам хижолат қилгучи иллатлар кўзга тез-тез ташланмоқда. Мени “қаритаётган” сабаблар ҳам шундан...

Биз вояга етаётган пайтларда қизлар учун уят саналган кўпгина хатти-ҳаракатлар, муомала ўша ёшдаги ҳозирги қизларга табиий экани менга ғалати туюлади. У-ер бу ердан қизларнинг йигитлар билан қочиб кетгани, яширин никоҳ ўқитиб олгани, ҳатто 18 ёшга кирмасидан ҳомиладор бўлиб қолгани... Бундай салбий ҳолатлар аввал ҳам бўлган, дерсиз. Тўғри, аммо бизнинг даврда (бундай дейиш бироз кулгили, аммо айнан шундай) йигит ва қиз ўртасидаги муносабат ҳеч қачон кўз-кўз қилиниб, “асли шундай бўлиши керак” ёки “севишиш гуноҳми?”, “нима қилибди?” каби сурбетлик, беандишалик, ор-номуссизлик билан намойиш қилинмасди.

Бир эмас, бир неча бор таҳририятимизга қўнғироқ қилган ёш-ёш жувонларнинг ҳаётдан дарс берувчи “сабоқ”ларини тинглаб, тўғриси ёқа ушлагинг келади. Уларга бу ҳаётий “ҳақиқатлар”ни ота-онаси ўргатаяптими, ундай бўлмаса, улар кимдан ранг олаяпти?!

Қизлархон исмли мухлисимизнинг қўнғироғи ана шундай жунбушга келтирувчи мурожаатлардан бири бўлди. 18 ёшли бу қиз ўзини “сирдарёликман” деб таништирди.

– Опа, сизларга мурожаат қилишимнинг сабаби — мени бутун бир туманга ёмонотлиқ қилишаяпти...

16 ёшда эдим. Бир куни интернетдаги ижтимоий тармоқда олмалиқлик Жамшид исмли йигит билан танишиб қолдим. Бир-биримизга электрон мактублар жўнатавериб, орамизда муҳаббат уйғонди(!) 2-3 ой ўтар-ўтмас Жамшид Сирдарёга келадиган бўлди. Учрашдик, у 20 ёшдаги қад-қомати келишган йигит экан, интернет-кафеда админстратор бўлиб ишларкан. Ўша куни у мени Гулистондаги кафега таклиф этди, суратдагидан (расмимни ҳам юборган эдим-да) ҳам гўзал эканим, менга уйланиш ниятида келганини айтди. Тўғрисини айтсам, Жамшид менга ҳам жуда ёқиб қолганди, куним унинг ўйисиз ўтмас, қулоғимда “сенга уйланаман” деган гапи жарангларди. Яна 5-6 ой давомида интернет орқали гаплашиб юрдик.

16 февраль – менинг 17 ёшга тўладиган кунимда биз яна учрашадиган бўлдик. Ота-онам савдогар, мол олиб келиш учун Тошкентга кетишганди. Укамни бир қариндошимникига қўйдиму, гувиллаётган изғирин, қорга беланиб мен ҳам пойтахтга йўл олдим. Биз айнан шу ерда учрашмоқчи эдик-да. Жамшид билан кино кўришга кириб, орқа ўриндиқдан жой олдик. Хаёлимизга кино кирмасди, бироздан кейин Жамшид “юр, бир қариндошимнинг уйидан хабар олиб келамиз”, деди. Бордик, ўша ерда у мени табриклади ва…

Сўнг мени йўл таксига солиб, уйимга жўнатиб юборди. Қиш ичи биз яна бир марта Тошкентда, бир марта ўзимизнинг Гулистонда учрашдик. Баҳорларга чиқиб кўнглим беҳузур бўлиб, рангим ўзгара бошлагач, ҳомиладор бўлиб қолганимни тушундим ва бу ҳақда Жамшидга айтдим. Қорним чиқа бошлагач, уйимдагилар ҳам бундан хабар топишди, Жамшид билан гаплашиб, шаръий никоҳлатишди. Ота-онамнинг одамларнинг кўзи учун ўтказган тўйига қайнона-қайнотам келишмади. Фақат тўйдан олдин келган қайнонам ва куёвнинг холаси уйимизда катта жанжал кўтаришди, қайнотам мени кўришни умуман истамаётганини айтибди. Қайнонам “Қизлархон болани шу ерда туғсин, сўнг биз ҳам элга ош бериб, тўй қилиб олиб кетамиз” деди. Биз бу гапга кўнишга мажбур эдик, никоҳимизни қонунийлаштиришни ҳам Олмалиқда амалга оширадиган бўлдик.

Жамшид билан Гулистондан ижара уй олиб яшай бошладик, икки ҳафтада бир келиб турарди. Рўзғорни деярли ота-онам қилиб берар, Жамшид админстраторликдан бошқа иш тополмаётганини айтиб нолийверганидан келиб-кетишига ҳам онам берган пуллардан бериб турардим. Туғишимга яқин қолганида бор пулга болага сарпо-суруғ олиб қўйганим учун Жамшидга бирор сўм беролмадим. Шу-шу, у туққанимда ҳам келмади. Унинг ўзгариб қолганидан хавотирга тушиб, фолбинга қатнай бошладим. Фолбин “эринг билан сенинг ўртангда йўл кўринаяпти, тез орада қаергадир кетасизлар” деган гапига лаққа тушиб юраверибман. Бола 3-4 ойлик бўлганида “энди ойлик олдим” деган баҳона билан кириб келди.

Яна 1-2 кун ўтиб қайтиб кетди. Қўл телефонидан уйининг, қариндош-уруғларининг рақамини ёзиб олдим. Уйига қўнғироқ қилсам, бир ёшгина қизнинг овози келди, индамай турганим учун “Ойижон, кимдир индамаяпти” деганида ичим бекорга шув этмаган экан. Жамшиднинг энг яқин дўсти: «Сен кимсан ўзи?! Жамшид тўй қилиб, таг-тугли қизни никоҳига олди. Энди уни унут”, деганида устимдан кимдир совуқ сув қуйиб юборгандек бўлди. Бошимни қаерга урай? Ахир, қайнопам “Тўй қилиб олиб кетамиз” деганди-ю, фолбин ҳам сендан бошқасига уйланмайди, деб башорат қилганди-ку!..”

Қизлархоннинг ҳикоясини сабр билан эшитиб ўтирдим-у, “эримни тортиб олишди” деганида гапирмасликнинг иложи қолмади. У қандай қилиб сенинг эринг бўлиб қолди? Ахир, сен Тошкентга бориб, у билан беникоҳ ҳолда муносабатларга киришаётганингда, у эринг эмаслигини билган эдинг-ку? Эр дегани аввал совчи юборади, ота-онадан розилик олади, гувоҳлар олдида никоҳ ўкитади! Нега энди сени чув туширишганида «у менинг эрим» деб чидай олмаяпсан? Қанчалик аччиқ бўлмасин, Жамшиднинг ҳақиқий хотини – ота-онаси олиб бергани!

Эндигина йигирмага кирган Қизлархоннинг тақдирини қоғозга туширар эканман, унга бир томонлама қарамаяпманми, деган хаёллар ҳам ўтди. Ўртада фарзанд туғилган, ҳар икки томон қиз ва йигитнинг муносабатларидан хабардор бўлса-ю, нега уларнинг оиласини қонуний мустаҳкамлашмади, деган саволларни ҳам бердим ўзимга. Орият ўз сўзини айтар экан. Қизлархондек аёллар аввал бошданоқ ўз номусига хиёнат қилдими, уларнинг турмушга чиқиб ўз эрига-да хиёнат қилмаслигига ким кафолат беради? Катталар ҳам, йигитнинг ҳам айнан шу фикрга келган, авлодини “булғаш”ни истамаган кўринади.

Қанча алам қилмасин, энди кеч: Қизлархон ўйнаб-кулиб, оппоқ кўйлак кийиб, орзулар оғушида келин бўладиган маҳали тирик етим болани катта қилиш ташвиши бошига тушди. Йигитлар қизлар билан кўп учрашади, охири барибир энг ориятли, шаъни, қадр-қимматини баланд тутадиган қизни умр йўлдошликка танлайди. Буни менинг оз эмас, кўп эмас 25 йиллик ҳаётий тажрибам тасдиқлаб турибди.

Яқинда бу воқеадан-да қўрқинчлироқ гап эшитдим. Мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайдиган яқин танишларимдан бири айтиб берди: 8-синф бир қизнинг ҳомиладор бўлиб қолгани бутун маҳаллаю, мактабга ёйилади. Қиз декретга чиқиб (ота-онаси болани ўзи боқиб олишга кафил бўлган), ўқиши қолдирилади. Хуллас, чорак баҳолари қўйиладиган пайт бошқа бир қиз шу танишимнинг ҳузурига киради. Ўқитувчи қизнинг дарсларга тўлиқ қатнашмагани учун баҳо қўя олмаслигини айтса, қиз кўзларини чақчайтириб: «Сиз индамай “уч”имни қўйиб беринг! Бутун мактаб ҳалиям менга раҳмат денглар, йигитлар билан шунча учрашсам ҳам фалончига ўхшаб ҳомиладор бўлиб кетмаётганимга!» дебди.

Танишим элликларни қоралаган, бутун умр мактабда ишлаган аёл ўша қизнинг беҳаё, инсоннинг нафсониятига тегадиган бу гапига ҳатто нима дейишимни билмай қолдим, деди. Айрим қизларнинг ўзи ор-номус бобида тубанлашиб бораётгани етмагандек, атрофдагиларни бунинг учун муттаҳам қилиб олса-я?!

Ёшларнинг “бошқача” бўлиб бораётганига биз фақат телевизор, интернет ва ҳоказоларни айбдор қилаверишимиз билан масала ҳал бўлмайди. Ота-оналар ҳирс, нафс, маънавий бузуқликлар акс этган маълумотларни яширадиган даврлар ўтиб кетди. Ёшлар интернетдан бемалол ҳаммасини билиб олишмоқда. Тўғриси назорат қилиш масаласи ҳам жуда қийин бўлиб қолди. Ягона йўл — ёшларга миллатимизга асрдан-асрга, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ор-номус, ҳаё, андиша каби туйғуларни сингдиришдир. Уларни “ҳаётда яшашнинг тўғри усули мана бундай бўлиши керак” дея иқрор қилиш, катталарнинг ўзи ёшларга намуна бўлиши керак. Айниқса, қизлар масаласида.

Манба: Darakchi.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Алда(н)ган қизлар қисмати...