12:20 / 20.01.2018
4 945

Сурат

Сурат
Ўша куни эрта тонгда қўнғироқ бўлди. Пойтахтдан хизмат сафарига келган марказий журналлардан бирининг вакили сўраттирган экан. Онамнинг суратини олиб боришимни айтишганидаёқ, тушундим. Волидам ҳақидаги соғинчли хотираларимни йўллаган эдим, демак, расми билан беришмоқчи.

Қувониб кетдим. Онажоним, менинг содда онагинам шундай атоқли нашрда чиқса-я! Буни ўзи билганида, кўрганидайди! Кўзларига ишонмаган, рўмолининг учига севинч ёшларини артган бўларди. Лекин бу – хотиралар, менинг кечиккан дил изҳорларим эди...

Китоб жавонидаги ҳамма албомларни олиб, муносибини қидира кетдим. Онамнинг атиги олти дона сарғайган сурати бўлиб, бирортаси портрет эмас экан (турли вазиятлар учун турли либосда, ҳар хил фонда тушган расмларимизга қараб, тўғриси, уялиб кетдим). Агар акаларим ҳарбий хизматга боришмаганида буларнинг ҳам баъзилари бўлмас эди. Дарвоқе, бу суратларнинг олинишига онамнинг илғор пиллакор, теримчи пахтакорлигиям сабаб. Мана буни пилла топшириш режасини икки ҳисса бажарганларида газета учун олишган. Оддий жигарранг жемперда, бошида яшил сим рўмол, хиёл жилмайиб ва беҳад ийманиб турган онам... Уйимизни бўшатиб бериб ўзимиз сўрида ётган, ипак қуртини папалаб, печкага ўт ёқиб боққан кунлари, ҳўл баргни кўтаравериб бели оғриб ухламаган тунлари элас-элас ёдимда.

Буниси эса илғор пахтакорлар сафида катта анжуманга борганларида олинган. Ўшанда онамни даласию олтита боласидан ажратиб икки кунга пойтахтга олиб кетиш учун эшигимизга казо-казо раҳбарлар келиб, аранг кўндиришган экан. Мана, бешта аёл курсида тизилиб ўтиришибди. Қўллар тиззада, елкалар тик. Эгнилари деярли бир хил: тўғри бурма ва узун енгли кўйлак устидан камзул, бошларида гулдор рўмоллар. Сочлар майда ёки иккита қилиб ўрилган. Бу сурат тарихида мени на катта шаҳар ва на анжуман таассуротлари, балки орқа фон манзараси ҳайратга солганди. Ола-була парда, бундан ҳам қизиғи, унга йирик тугмалар қадалган. Бу ҳақда сўраганимда эса, онам орқада эркак кишилар тик турганлиги, улар илғор механизаторлар эканлиги боис бирга расмга тушишга мажбур бўлишганини айтиб берди. Уйга қайтгач, номаҳрамлар қиёфасини елкадан қирқиб юборган экан...

Қолганлари аскарликка кетган акамлар учун олинган суратлар. Уларнинг ҳар бирида волидамнинг меҳрли нигоҳи ва интизорлик ила айтилган: “Қачон келасан, болам?” деган соғинчли сўровини туяман.

Суратлар... Улар бугун кўнгил торларимни нафис-нафис чертиб, шууримга алладай қадрли туйғулар бахш этди. Шу тобда онам ҳақидаги бир бадиани ўқиб, турли манзиллардан сим қоққан одамлар ва улар айтган сўзларни эсладим: “Худди менинг онам ҳақида ёзибсиз...” Ҳа, миллатимиз оналари турли рангларда, хилма-хил мўйқалам билан яратилаверади, лекин ҳамиша негиз моҳияти туфайли бир-бирига жуда ўхшаб қолаверади.

Хуллас, ўша куни журналга муносиб расм тополмадим. Сифат маъносида, албатта. Лекин, қалбим жуда азиз, бироқ унутилаёзган инжа туйғулар ташрифидан ёришиб кетди. Ўша ёруғлик меваси бўлмиш ушбу сатрлар ўзбек онаси портретига, энг кичик нуқтадек бўлса ҳам, яна бир чизги бўлиб тушса, қанийди...
Гулчеҳра Асронова

Манба: Irfon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Сурат