Ниҳоят, бугун ёнимга келдингиз. «Илтимос, мени кечир, ҳаммасини энди тушундим», деганча кўзларимга мунгли термулдингиз. Имкон қадар нигоҳингиз билан тўқнашмасликка ҳаракат қилдим. Чунки кўзларим кўзларингиз билан учрашса, мени ўзлигимдан айириши аниқ. Кўзларингиздан қўрқардим. Ўзимни бошқаролмай сўзларингизга чиппа-чин ишониб қолишим мумкин эди. Шу боис ердан кўз узмадим. «Йўқ, энди бирга яшолмаймиз», дедим оҳиста. Сиз эса ён беришни истамадингиз. Қўлларимдан тутдингиз. Мен эса қўлларимни тортиб олганча: «Илтимос, кетинг, мени ўз ҳолимга қўйинг», дея олдим, холос. Оғир хўрсиниб: «Яна бир ўйлаб кўр», деганча хонадан чиқиб кетдингиз. Кетишингиз билан юрагим тубида чўкиб ётган аламу изтироб вужудимни қуршаб олди.
Аслида, тақдиримизнинг бундай бўлишига кўпроқ ўзим сабабчиман. Сизга бўлган муҳаббатим ва яна осмон қадар ғурурим айбдор…
Ўшанда битирув оқшомида менга майин жилмаймаганингизда кўнглим асирангиз бўлмасмиди, балки? Юрагимни, кейинроқ эса ҳаётимни азобларга ташламаган бўлармидим? Болаларим тирик етим бўлиб қолмасмиди?..
* * *
Сиз ўта мағрур эдингиз. Мени бойлигингиз ҳам, оилангизнинг обрў-эътибори ҳам заррача қизиқтирмаган. Сизнинг нимангизни ёқтирганимни ўйлаб, ўйимга етолмасдим. Тўғри, хушсурат йигит эдингиз. Ҳар қандай қиз пойингизда жон беришга тайёр эди. Лекин мен ундайлардан эмасдим. Мени ҳусни жамолингиз ҳам ром этмаган. Мени мағрурлигингиз, ҳа, ўша ҳеч кимга бўйсунмаслигингиз мафтун этганди. Чунки мен ҳам мағрур эдим. Аммо мағрурлигим сизнинг кибру ҳавонгиз олдида денгиздан бир томчи эди, холос.
Сизни ёқтириб қолганимни эшитган дугонам менга танбеҳ берди: «Эсингни йиғ. Ортингдан манаман деган йигитлар юрган бўлса-ю, келиб-келиб шуни ёқтирасанми? У сени ҳам бошқалар каби доғда қолдириб кетади. Бир марта жилмайган бўлса, нима қилибди?! Шунга шунчами? У одам эмас. У темир. Темирнинг ўзгинаси!»
Дугонамнинг сўзлари қанчалик аччиқ бўлмасин, менинг олов кўнглимни сўндиролмади. Аксинча, оловни янада алангалатди. Сизга бўлган қизиқишим ортса-ортдики, асло камаймади. «Мана кўрасан, унга севишни ўргатаман. Севгини ўргатаман», дедим дугонамга. Сизни манманлик чўққисидан тушириб, муҳаббат водийсига етаклашга кўзим етарди. «Уддалай оламан», деб ўйлардим.
Сиз билан яқиндан танишдик. Сиз менга айтганларидан ҳам юз чандон калондимоғ эдингиз. Рости, биринчи суҳбатимиздаёқ кўнглимдаги олов пасайгандек бўлди. Аммо сиз билан танишишдан олдин дугоналаримга сизни ўзимга қаратиб олишга ва ўзгартиришга гаров ҳам ўйнагандик. Мен ўзимга ишонардим, меҳр-муҳаббат билан ҳар қандай одамни ўзгартиртирса бўлади, деб ўйлардим. Сиз билан ҳар гал учрашганимизда ҳамиша баландпарвоз гапларни гапирардингиз. Кўнглимдаги оловни сўндирмасликка, сизнинг фақат яхши томонларингизни қидиришга, ўйлашга ҳаракат қилардим. Аммо яхши томонларингиз оз эди… «Нима қилибди, ёлғиз ўғил бўлганидан кейин шунақа-да», деб ўзимча сизни оқлардим ҳам.
Дугоналарим орасида уялиб қолишдан чўчиб, меҳрингизни қозонишга уринардим. Чунки ҳаётда доим ғолиб бўлишга ўргангандим.
Тақдир бу сафар ҳам мендан омадини дариғ тутмади.
«Азиза, сенга уйланмоқчиман», — дедингиз бир куни. Қувончдан бошим осмонга етаёзди. Бу пайтга келиб мен ҳам сизга ўрганиб қолгандим. Совчиларингиз келган куни онам:
«Шу йигитга кўнглинг борми?» — дея сўраганида нима деб жавоб беришни билмай қолгандим. «Ҳа», дейишга ҳам, «Йўқ», дейишга ҳам тилим бормасди. Рози бўлиш учун негадир кўнглим тинч эмасди. Қолаверса, сизни ўта манман, керагидан ортиқ мағрурлигингиз учун ҳам севардим. Сизга турмушга чиқсам, ҳамма нарсам етарли бўлишини, аммо севгидан мосуво яшашимни ҳам англаб турардим. Мени ташвишга солаётган барча ўйларимни бир четга сурдим-у, тўйга розилик бердим.
Тўйдан олдин мени баъзилар қароримдан қайтармоқчи бўлишди.
«Эсинг борида этагингни ёп. Бойлигига учма, у отасининг арзандаси», дейишди сизни яқиндан билганлар.
Мен нодон қанчалар қийин бўлмасин, мудраб ётган юрагингизда муҳаббатни уйғотмоқчи бўлдим.
Ҳаммаси тўйдан кейин бошланди. Мен сизни яхши биламан деб, адашган эканман. Инсон яшамагунча иккинчи одамни яқиндан била олмас экан. Тўйдан уч кун ўтибоқ ярим кечаси маст бўлиб келишингиз мени эсанкиратиб қўйди. Эзгу ниятлар билан бир ёстиққа бош қўйганига уч кун бўлган келинчакнинг аҳволини бир тасаввур қилинг. Ким нима деб ўйлайди? Сиз шу ҳақда ўйламадингиз. «Ази», деб бақирдингиз машинадан тушар-тушмай. Қайнота-қайнонамдан уялиб кетдим. Қанийди, ўша пайтда ер ёрилса-ю, кириб кетсам…
Ўшанда қанчалар хатога йўл қўйганимни англаб етдим. Ўзимга ишончим сўна бошлади. Аммо ортга қайтишга йўл йўқ эди. Кўникишга ҳаракат қилдим. Сиз билан сизга кўникиб яшай бошладим.
Она бўлишимни билган куним қувончдан бошим кўкка етганди. Қанчалар шодланганимни сўз билан таърифлолмайман. Фарзанд сизда ҳам меҳр уйғотишини ўйлаб қувондим. «Биз фарзандли бўламиз», деб шивирлаганимда мийиғингизда кулганча: «Жуда яхши», дедингиз совуқ оҳангда. Турган жойимда тош қотдим. Янгиликни эшитиб, мени бағрингизга босишингизни истагандим. «Табриклайман», дея шодланишингизни кутгандим. Мен сизни ҳақиқатан ҳам, тош эканлигингизни унутган эканман. Аламимни ичга ютдим. Сиз билан танишган ўша кунни қарғадим. Ўша тун Худодан кўнглингизга инсоф ва заррача меҳр беришини ўтиниб сўрадим.
Ҳамма менга ҳавас қиларди. Шаҳардаги манаман деган оиланинг эркатой келини эдим ахир. Барча нарсаси бисёр, бахтли келин санашарди мени. Аслида-чи? Қалбим унсиз кўз ёш тўкарди. Ҳеч кимга дардимни айтолмайман. Фақат онангизгина аҳволимни бироз тушунарди. Гоҳ-гоҳида: «Қизим, сабр қилинг, ўғлим ҳали ёш, кўнгил олишни билмайди-да», дея айбдор оҳангда гапириб, мени юпатарди. Она-да, фарзандини ёмон деёлмайди. Лекин шу муниса аёлнинг сўзлари менга таскин-тасалли бағишларди.
Ёдингиздами? Шифокор менга «Камқон экансиз. Даволанишга ётмасангиз, болага зарар бўлади», деганида сизга жавдираб тикилдим.
«Касалхонада ётиши шартми?» беписанд оҳангда сўрадингиз шифокордан. Бу сўзларингизни эшитиб, ичимдан қиринди ўтди. Ахир гап фақат мен тўғримда эмас, балки сизнинг пушти камарингиздан туғилажак фарзанд устида кетаётганди-ку. «Дод», деб юбормаслик учун лабимни қаттиқ тишладим.
— Ука, мен сиз билан ҳазиллашаётганим йўқ, — деди шифокор бехавотир гапиришингиздан ранжиб. — Хотинингизнинг аҳволи чиндан жиддий!
— Йўқ, менинг хотиним касалхонада ётмайди. Керак бўлса, докторларнинг ўзи уйимга бориб даволашади.
Мағрурона айтган гапингиздан кўнглим оғриди. Яна манмансираш… Яна бойликни, мансабни пеш қилдингиз. Мен эса ҳар галгидек индамадим. Сизнинг феъл-атворингиз ҳеч нарсадан тап тортмайдиган шўх-шаддод қизни бир неча ойда маъсумага айлантириб қўйганди.
Ўғлимиз туғилганида севинганимдан барча араз-гинани унутдим. Бир қучоқ алвон атиргуллар билан кириб келганингизни кўриб бошим кўкка етди. Гулдастани қўлга оларканман, «Энди, албатта, ўзгаради», деб ўйладим. Лекин…
«Агар қиз туққанингда кўргани ҳам келмасдим. Омадинг бор экан», дедингиз. Мана шу жумла мени ерга туширди. Ҳайрат ва ҳадик ила кўзларингизга термулдим. Ҳамиша мағрур, ўктам, аммо совуқ нигоҳ. Мен бу нигоҳдан меҳрни, муҳаббатни излабман-а…
Кунлар ўтиб борарди. Мендаги шижоат аллақачон сўниши керак эди. Аммо умидимни йўқотмасдим. Болам менга далда бўлди.
Мени лоақал туғилган кунимда табриклаб қўймасдингиз. Дастурхон ёзиб, меҳмон кутардик. Дастурхонни нозу неъматларга тўлдириб ташлардингиз-у, бироқ менга бир калима ширин сўз айтмасдингиз. «Азиза, бахтимга соғ бўл. Туғилган кунинг муборак!» дейишингизни йиллар давомида кутиб яшадим. Тўғри, ҳеч нарсадан камчилигим йўқ эди. Лекин кўнглим бўшаб қолаётганди-да.
Қизалоғимиз туғилганидан кейин сиз билан умр йўлимни боғлаганимга афсусландим. Ой-куним яқинлигини билиб, чет элга дам олишга кетдингиз. Менга далда бўлиб ёнимда туриш ўрнига, маишат изидан қувдингиз. Қизимни қўлимга олганимда хўрлигим келиб йиғлаб юбордим.
Сизни ўзгартиролмаслигимни эса кеч
англадим…
Сизни қанчалар тез ёқтириб қолган бўлсам, шунчалар тез совидим. Фақат болаларим учун сиз билан яшардим. Баъзида сизда меҳр туйғулари уйғониб қоларди. Болаларни эркалатиб, мен билан ҳам илиқ муносабатда бўлардингиз. Бироқ бундай фурсат жуда кам, оний лаҳзадек ўтиб кетарди. Сиз ишдан ортмасдингиз. Асосий мақсадингиз пул топиш. Бошқаси сизни қизиқтирмасди.
Сиз билан умрим охирига қадар шу алфозда яшашга тайёр эдим. Бироқ тақдирнинг мен кутмаган синовлари бисёр экан.
Аслида, ўшанда ресторанга бормаганим маъқулмиди. Афсуски, вақтни ортга қайтариб бўлмайди.
Дугоналарим билан суҳбатлашиб ўтирарканмиз, тўсатдан кўзим таниш машина рақамларига тушди. Бу сизнинг машинангиз эди. Ҳайратландим. «Эрим бу ерда нима қиляпти?» деган ўйда атрофга олазарак боқдим. «Балки, тушлик қилгани келгандир», деб ўйладим. Афсуски…
Сиз биздан бир неча стол нарида ёш қиз билан кулишиб ўтирардингиз. Ичимдан нимадир узилгандек бўлди. Юрагим беихтиёр тез-тез ура бошлади. Ишонасизми, мен ўша лаҳзаларда кўзларимга ишонмасдим. Сиз томонга қаттиқроқ тикилдим. Йўқ, кўзларим адашмаганди. Бу сиз эдингиз! Менинг бепарво, бедил, бемеҳр ёрим. Олисдан сизни кузатган одам ҳам мақтаниб гапираётганингизни сезиши қийин эмасди. Кўзим сизга тушди-ю, вужудимни титроқ босди. Хушчақчақ ўтирган аёл бир зумда ер билан тенг бўлгандим.
— Сенга нима бўлди? — рангим оқаринқираган чоғи, дугонам ташвишланиб сўради.
— Нимадир ёқмади, шекилли, — дедим ёлғондан табассум қилиб.
Шу тобда дугоналарим сиз томонга қарашларидан чўчирдим. Имкон қадар бу ердан тезроқ кетишга ҳаракат қилардим. «Қизим йиғлаб қолади», дея баҳона қилдим дугоналаримга. Сиз-чи, сиз мени кўрмасдингиз ҳам. Яна бир қизни алдовларга кўмиб, ўзингизга маҳлиё қилиб ўтирардингиз. Мансабингиз-у бойлигингизни мақтардингиз, назаримда.
Уйга қай ҳолатда келганимни билмайман. Хонамга кирдим-у, кўнглимдаги фарёдни тутиб туролмадим. Айбим нима? Сизни яхши кўриб қолганимми? Яхши инсонга айлантираман, деб ўйлаганимми? Бепарволикка, бемеҳрликка чидашим мумкин, аммо хиёнатга ҳеч қачон чидолмайман. Агар ўзга одам «Эрингни бир қиз билан кўрдим», деса гапига ишонмай, уни юмталаган бўлардим. Афсуски, сизни ўз кўзим билан кўргандим. Ўзимни ҳақоратлангандек, хўрланган, камситилгандек сездим. Энди сиз билан ортиқ бирга яшолмасдим.
Ўзга қиз билан кўрганим ҳақидаги хабарни эшитиб, аввалига тондингиз. «Бўлмаган гап, ҳеч қанақа қиз билан юрганим йўқ», дедингиз кўзларимга тик боқишга уялмай. Бироқ ресторан номини эшитиб рангингиз оқаринқиради. «Ҳали ортимдан кузатиб юрибсанми?» дея ўшқирдингиз. «Кузатганим йўқ, Лобарнинг туғилган куни эди. Ўша ерда қизлар билан ўтиргандик. Эрталаб айтгандим-ку, эсингизда йўқми? Сиз…» Гапимни тугатолмай йиғлаб юбордим. Алам жонимдан ўтиб кетганди. Юрагимдаги севги нафратга айланганди. «Нима қилибди, мен эркакман! Хоҳласам, мингтаси билан юраман. Сен менга хўжайинмассан. Сен уйдаги чўрисан, холос!» Гапларингизга чидолмадим. Беихтиёр тарсаки тортиб юбордим.
Орамиздаги жанжални эшитиб, онангиз югуриб чиқди.
— Қизим… — қайнонамнинг гапиришига йўл қўймадим.
— Ойижон, мени кечиринг. Аммо мен кетаман…
— Ойи, қўяверинг, кетса кетаверсин. Барибир, мендан яхшисини тополмайди. Ўзи қайтиб келади, — дея яна кибру ҳаво билан гапирдингиз. Айбни яна менга ағдардингиз. Шунча йил сизни ўзгартиролмаган эканман, афсус.
Ота уйимга қайтиб келганимдан сўнг ортимдан келмадингиз ҳам. Мен-ку майли, ҳатто болаларни соғиниб ҳам бир марта хабар олмадингиз-а? Фақат ота-онангизни жўнатдингиз.
Мана, орадан беш ой ўтиб, ёнимга келдингиз. Бугун нима сизни ёнимга етаклаганини билмайман. Илк бора кечирим сўрадингиз. Аммо қалбим музлаб бўлган. Беш ой олдин келиб, узр сўраганингизда, балки қайтиб борган бўлармидим? Беш ойлик болаларим соғинчи, тўккан кўз ёшларим, изтиробларим сизни кечиришга йўл қўймаяпти. Лекин энг оғир гуноҳ ўзимда, катта гапириб юборганимда. Дугоналаримдан қайси бири устимдан кулаётгандир, яна бирови менга ачинаётгандир. Шунинг учун мен сизни эмас, кўпроқ ўзимни кечиролмайман, ўзимни…
Манба: hordiq.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи