Иқтисодий таҳлилчи Шуҳрат Расул
Фото: “Дарё”
Жорий йилнинг 1 март санасидан бошлаб Россия мавсумий талабнинг ошиши сабабли бензин экспортини вақтинчалик айрим давлатларга тўхтатди. Маълумотларга кўра, бу чеклов 6 ойгача амалда бўлади. Лекин бу экспорт тақиқи ЕОИИ мамлакатлари, Мўғулистон, Ўзбекистон, Абхазия ва Жанубий Осетияга келишилган етказиб бериш ҳажмларига тааллуқли бўлмайди.
Хўш, Россия нега бензин экспортига тақиқ қўймоқда? Бу Ўзбекистонга қандай таъсир қилади? Ўзбекистон ёнилғи муаммосини қандай қилиб ҳал қилиши мумкин? “Дарё” ушбу саволлар билан иқтисодий таҳлилчи Шуҳрат Расулга юзланди.
– Нега Россия айрим давлатларга бензин экспортини тақиқлади?
– 27 февраль куни Россия энергетика вазири 1 март санасидан бошлаб бир нечта давлатлардан ташқари қолган барча мамлакатларга бензин экспорти 6 ойга тўхтатилишини маълум қилди. Менимча, 6 ойдан кейин ҳам бу чеклов амалда бўлади. Бунинг сабаби сўнгги вақтларда Россия ва Украина ўртасидаги урушда жуда қизиқ воқеалар юз бермоқда. Украинанинг узоқ масофага учувчи дронлари Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужум қилиб, уларни ишдан чиқармоқда. Ҳозир Россияда нефтни қайта ишловчи жами 31 та завод мавжуд. Россия нефтни қайта ишлаш бўйича дунёда 3-ўринда туради. 2023 йилда Россия 527 миллион тонна нефть ишлаб чиқарган ва шунинг ярмини ўзида қайта ишлаган. 2022 йилнинг декабрь ойида Европа Иттифоқи Россиянинг нефть ва нефть маҳсулотларига санкция киритган эди. Европа Иттифоқи санкция киритгани билан бошқа мамлакатлар Россиядан нефть ва нефть маҳсулотларини сотиб олаётганди.
2024 йилнинг январь ва февраль ойларида Украина Россиянинг 7 та нефтни қайта ишловчи заводига ҳужум амалга оширди. Расмий маълумотларга кўра, икки ой ичида Россия бензиндан 37 фоиз, дизель ёнилғисидан 24 фоиз, авиакеросиндан 19 фоиз экспортини йўқотган. Яъни Украинанинг дрон ёрдамида зарбалар бериши оқибатида Россия шунча экспортини йўқотмоқда. Март ойида йўқотишлар бундан ҳам кўп бўлиши мумкин.
Ҳарбий блогер, истеъфодаги полковник Роман Григоревич Свитан бераётган маълумотларга кўра, ҳозирда Украина узоқ масофага учиб борадиган дронлар билан қуролланмоқда. Россиянинг асосий нефтни қайта ишловчи заводлари Ғарб томонда жойлашган. Мана шундан келиб чиқадиган бўлсак, ёзга бориб Россиянинг нефтни қайта ишловчи заводларига дрон ҳужумлари кўпайиши мумкин. Айрим иқтисодий таҳлилчилар ёзга ҳам етиб бормасдан қишлоқ хўжалигида дизель ва керасин ёнилғиси тақчиллиги юзага келишини ёзмоқда.
Полковник Роман Свитан Украина 2024 йилда Россиянинг барча нефть заводларини йўқ қилишимиз керак, деб айтмоқда. Албатта, Россия шундоқ қараб турмайди. Лекин Россиянинг нефть заводларига бўлган хавф тобора жиддийлашиб бормоқда.
– Агар Россияда бензин экспорти борасида муаммолар келиб чиқса, бу Ўзбекистонга қандай таъсир қилади? Чунки ҳозирда Россия Ўзбекистонга бензин етказиб беради.
– 2023 йилда Ўзбекистон 371 минг тонна бензин импорт қилган. Шундан 100 минг тонна бензинни “Узгазуэл”, 271 минг тонна бензинни қолган хусусий корхоналар олиб кирган. Бензин импортининг 97,7 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келади. Туркманистон ва Беларусдан 0,06 фоиз бензин импорт қилинган. 2023 йилда Россиядан 300 минг тонна хом нефть импорт қилинган. Нима учун бензинни фақат Россиядан олишимиз керак, деган савол пайдо бўлиши табиий. Чунки Россия 1 литр тайёр бензинни 0,40 сентдан сотган. Туркманистон ва Беларусь бўлса 1 литр бензинни 0,65 сентдан сотган. Яъни Россиянинг бензини анча арзонроқ.
Халқимиз Ўзбекистон нефть ва газга бой давлат, деб ўйлайди. Лекин аслида ундай эмас. Қозоғистон 2023 йилда 93 миллион тонна нефть қазиб олган. Ўзбекистон эса 700 минг тонна. Ҳатто 1 миллион тонна ҳам эмас. Йилдан йилга Ўзбекистонда нефть қазиб олиш камайиб бормоқда.
– Лекин мустақиллик йиллари отилиб чиққан нефть булоқларини ҳатто танк билан тўхтатганмиз. Бундан ташқари, Ўзбекистон гази 100 йилга етади, деган прогнозлар берилган-ку!?
– 1 дона нефть булоғи 32 миллионлик аҳолига эга бўлган Ўзбекистонга ҳеч нарса эмас. Сиз айтган нефть булоғи ва газ захиралари бўйича гаплар мустақиллик йиллари халқни руҳлантириш учун ўйлаб топилган. Йилдан йилга нефть қазиб олиш ҳажми тушиб бормоқда.
Тўғри, Ўзбекистоннинг 1,7 миллиард куб/метр газ захираси бор. Аммо ер тагида, уни қазиб олиш керак. 2023 йилда Ўзбекистон 32 миллиард куб/метр газ қазиб олган. Агар шу темпда қазиб олсак, газимиз 50 йилга етиши мумкин. Лекин саноатимиз тез ривожланмоқда, газга бўлган эҳтиёж ошиб бормоқда. Ўзбекистон аҳолисига 12 миллиард куб/метр газ етиши мумкин. Бироқ 5 та катта-катта газни қайта ишловчи завод ва газда ишловчи иссиқлик электр станцияларимиз бор. Уларни ҳам ишлатишимиз керак. Қашқадарё вилоятидаги GTL газни қайта ишловчи заводининг ишлаши учун бир йилда 6 миллиард куб/метр газ керак.
– Шундай мамлакатлар борки, нефть қазиб олмаса ҳам, уларда бизчалик ёнилғи муаммоси йўқ. Мисол учун, Грузия. Ёки бўлмаса, қўшни Қозоғистонда бензин биздан кўра анча арзон ва сифатли. Биздаги ёнилғи етишмаслигининг асл сабаби нимада?
– Ҳақиқатан ҳам, Грузияда нефть захиралари умуман йўқ. Лекин Грузияда Поти порти мавжуд. Агар Ўзбекистонда ҳам порт бўлганида, бу портга исталган давлатдан нефть танкери келиб, нефть қуйиб кетиши мумкин эди. Аммо бизда бундай имконият йўқ. Ҳозирги кунда Ўзбекистон фақат 2-3 та давлатдан ёнилғи импорт қилиши мумкин. Булар: Россия, Қозоғистон ёки Туркманистон. Атрофда бошқа давлатдан олишга на логистика, на труба бор. Мана муаммолар қаерда!
Қозоғистон катта ҳажмда бензин сота олмайди. Туркманистонда бундай имконият мавжуд. Лекин булар бизга қиммат нархда бензин сотади.
– Туркманистон ва Қозоғистондан ташқари яна қайси мамлакатлардан ёнилғи импорт қилсак бўлади?
– Бу борада Ўзбекистонга Эрон ва Озарбайжон ёрдам бериши мумкин. 2023 йилда Ўзбекистон Озарбайжондан 2 минг тонна бензин импорт қилган эди. Демак, Озарбайжондан бензин импорт қилсак бўлади. Агар нефтни ўзимизда қайта ишламоқчи бўлсак, нефтнинг нархи анча арзон бўлиши керак. 2023 йилда Ўзбекистон 1 миллион 327 минг тонна бензин ишлаб чиқарган.
Эрон билан ҳамкорликда санкцияларга қараш керак. Агар Эроннинг нафт маҳсулотларига санкция киритилмаган бўлса, Эрон билан ёнилғи масаласида ҳамкорликни йўлга қўйишимиз керак. Чунки нефть маҳсулотлари бўйича фақат Россияга боғланиб қолишимиз керак эмас.
– Ўзбекистон ўзида бензин муаммосини ҳал қилиш учун нималар қилиши керак?
– Фикримча, Ўзбекистонда хусусий операторларни кўпайтириш керак. Хусусий фирмалар истаса, Қозоғистондан ёки Туркманистондан бензин олиб кираверсин. Нима учун Ўзбекистонда фақат 10 дона оператор мавжуд? Операторлар 50-70 та бўлиб, ўзаро рақобат қилсин. Лекин шунда ҳам бензин нархи жуда тушиб кетмайди.
Бироқ Ўзбекистоннинг стратегик мақсади — ёнилғига ихтисослашган технологик доирадан чиқиб кетиш бўлиши керак. Яъни саноатни яшил энергияга ўтказиб, автомобилларни ҳам электромобилларга ўзгартириш лозим. Хитой шу йўлдан бормоқда.
Журналист Сардор Али суҳбатлашди
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Дунёнинг машҳур аёллари кунни қандай бошлайди?
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Хонанда Рухшона уйланмаган йигитга турмушга чиққани ҳақида сўзлаб берди
Starlink учун яна 20 та сунъий йўлдош орбитага учирилди
Баҳодир Жалолов: “Менга чемпионлик жангини беришса, ҳар қачон уни бажонидил қабул қиламан”