
2025 йилнинг январ–сентябр ойлари якунларига кўра, Қозоғистонга мева ва сабзавотлар импорти барқарор ўсишни намойиш этди. Молиявий ифодада олиб қаралганда, ушбу кўрсаткич 3,2 фоизга кўпайиб, 559,7 миллион долларга етди. Физик ҳажм эса янада жадал суръатда ўсиб, 10,3 фоизга ошди ва 1,2 миллион тоннани ташкил қилди. Бу ҳолат қўшни мамлакат бозорида ташқи етказиб берувчиларга бўлган талаб ҳали-ҳануз юқори эканини кўрсатмоқда.
Қозоғистон амалда мева-сабзавот маҳсулотларининг деярли барча турларини импорт қилади. Энг катта улуш бананга тўғри келиб, унинг импорти 49,5 миллион долларга баҳоланган. Шунингдек, картошка (46,3 млн доллар), помидор (42,7 млн доллар), узум (34,3 млн доллар), пиёз (32,2 млн доллар), олма (32,1 млн доллар), цитрус мевалар (31,2 млн доллар) ва шафтоли (26,6 млн доллар) ҳам энг талаб юқори бўлган маҳсулотлар қаторида қайд этилган.
Мамлакатлар кесимида эса муҳим ўзгариш кузатилди. Илгари Қозоғистон учун асосий етказиб берувчи ҳисобланган Ўзбекистон ўз етакчилик мавқеини Хитойга бой берди. 2025 йил ҳисобот даврида Хитойдан мева ва сабзавотлар импорти 39 фоизга ўсиб, 181,7 миллион долларга етди. Ўзбекистондан етказиб бериш эса, аксинча, 12 фоизга қисқариб, 128,6 миллион доллар миқдорида қайд этилди.
Бозордаги бундай ўзгариш, аввало, Хитойдан картошка импортининг кескин ошгани билан изоҳланади. Хусусан, ушбу мамлакатдан 33,4 миллион долларлик, яъни 136 минг тонна картошка олиб кирилган. Шу билан бирга, Хитой узум етказиб бериш ҳажмини икки баравардан ҳам кўпроқ ошириб, 22,8 миллион долларлик (34,9 минг тонна) маҳсулот экспорт қилди. Бундан ташқари, Хитой Қозоғистонга сабзи етказиб беришни бошлади, цитрус мевалар, ўриклар ҳамда помидорлар импортида ҳам сезиларли ўсиш кузатилди. Физик ҳажмда Хитойдан импорт бир йил ичида 2,2 бараварга кўпайиб, 401 минг тоннага етди.
Ўзбекистондан Қозоғистонга киритилган маҳсулотлар ҳажми эса 360 минг тонна атрофида бўлди. Шу билан бирга, Хитой ва Ўзбекистон улуши биргаликда Қозоғистонга келтирилаётган барча мева-сабзавот импортининг қарийб 55 фоизини ташкил этмоқда.
Қиёсий таҳлил шуни кўрсатадики, 2018 йилнинг тўққиз ойида Қозоғистонга Ўзбекистондан 310,9 миллион долларлик мева-сабзавот етказиб берилган бўлса, Хитойдан импорт атиги 65,4 миллион доллар миқдорида бўлган. Ўтган йиллар давомида вазият кескин ўзгарди: Ўзбекистондан экспорт 2,4 бараварга камайган, Хитойдан етказиб бериш эса аксинча, 2,8 бараварга ошган.
Мутахассислар фикрича, логистика, нарх сиёсати ва маҳсулот турларининг кенгайиши Хитойнинг Қозоғистон бозорида устунликка чиқишида ҳал қилувчи омил бўлмоқда. Бу эса минтақа аграр бозорида рақобат тобора кучайиб бораётганидан далолат беради.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.