Эбола вируси 30 кунда Европа ва Осиёга етиши мумкин

Япониялик олимлар томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, Африкада Эбола вирусини юқтирган шахслар 30 кун ичида Европа ва Осиёдаги йирик аэропортларга етиб бориши мумкин.
Бу ҳақда Известия газетаси хабар берди.
Маълумотларга кўра, тадқиқот Конго Демократик Республикаси ва Угандадан амалга оширилиши мумкин бўлган авиақатновлар таҳлилига асосланган. Олимлар эҳтимолий йўналишлар орқали вирус ташувчилар халқаро транспорт марказларига кириб бориши мумкинлигини таъкидламоқда.
Ҳисоб-китобларга кўра, энг юқори хавф Белгия (92%), Франция (91%), Бирлашган Араб Амирликлари (88%) ва Туркия (86%) давлатларига тўғри келади.
Тадқиқот доирасида 11 264 та аэропорт, 569 741 та авиайўналишлар ва 330 миллион йўловчилар ҳақидаги маълумотлар таҳлил қилинган. Мутахассислар таъкидлашича, бундай моделлар вирус тарқалишини олдиндан баҳолашда муҳим аҳамиятга эга.
Шу билан бирга, олимлар вирус ташувчининг мамлакатга кириб келиши унинг оммавий тарқалишини англатмаслигини ҳам қайд этмоқда.
Мутахассислар фикрича, агар асосий омиллар ўзгармаса, ушбу прогнозлар келгуси давр учун ҳам долзарб бўлиб қолади.





























Изоҳлар 0
…