00:12 / 09.12.2019
3 071

Энди ҳокимлар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни олиб қўя олмайди

Энди ҳокимлар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни олиб қўя олмайди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Конституция қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишдаги маърузасида янги йилдан ҳокимларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни олиб қўйиш бўйича ваколати халқ депутатлари Кенгашларига берилишини маълум қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев ўз маърузасида мулк ҳуқуқи дахлсизлиги масаласини кўтариб, Конституцияда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият сифатида мужассам этилганини таъкидлади ҳамда бу принципни амалга ошириш учун бажарилиши керак бўлган муҳим вазифаларни санади.

«Фуқароларнинг Конституцияда белгиланган мулк ҳуқуқи дахлсиздир ва доим давлат ҳимоясида бўлади.

Биз ўтган йиллар давомида тадбиркорлик йўлидаги ортиқча чекловларни бартараф қилиш, уларнинг фаолиятига давлат идораларининг ноқонуний аралашувини қатъий чеклаш борасида салмоқли ишларни амалга оширдик. Жумладан, коррупцияга йўл очиб бераётган ер ажратиш амалиёти тубдан ислоҳ қилинди. Бу жараён эндиликда ер ажратиш электрон тизими орқали амалга оширилмоқда.

Келгуси йил 1 январдан бошлаб ҳокимларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни олиб қўйиш бўйича ваколати халқ депутатлари Кенгашларига берилади. Бу ўзгариш ҳам мулк дахлсизлигини таъминлаш йўлидаги жиддий қадамлардан биридир.

Бундан ташқари, ерни олиб қўйиш ва компенсация тўлашнинг янги тартиби, ер фақат мулк эгасининг розилиги билан олинишига оид қоидалар жорий қилинди. Шу билан бирга, мулк дахлсизлиги тўғрисидаги қонунларга амал қилмаган мансабдор шахсларга нисбатан, улар қандай лавозим эгаси бўлишидан қатъи назар, жавобгарлик кучайтирилди.

Шунингдек, компенсация миқдори тўғрисида тарафларда келишмовчилик вужудга келса, энди бундай ҳолатлар фақат суд йўли билан ҳал этилади.

Маълумки, шу пайтга қадар ҳокимлар ердан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган қарорларни ўзлари қабул қилар, вақти келганда эса, уларни ўзлари бекор қилиши ҳам мумкин эди. Энди ана шу ваколатни чеклашнинг фурсати етди. Чунки бундай ваколат фақат ҳокимга берилиши турли адолатсизликларга сабаб бўлишини кўп мисоллар кўрсатмоқда. Бундай масалалар энди фақат суд тартибида ҳал қилинади.

Бизнес-омбудсман томонидан тадбиркорлик субъектларининг мулкий ҳуқуқларини ноқонуний чеклаш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланган тақдирда, унга тадбиркор манфаатларини кўзлаб судга мурожаат қилиш ҳуқуқини бериш лозим.

Соҳада очиқлик ва ошкораликни таъминлаш учун ҳокимларнинг фуқароларга ер бериш ҳақидаги қарорларини тегишли сайтларда эълон қилиб бориш амалиётини йўлга қўйиш керак.

Биз жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқи кафолатларини таъминлаш мақсадида халқаро андозаларга жавоб берадиган ислоҳотларимизни бундан буён ҳам қатъий давом эттирамиз.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш учун биз ҳаётимизнинг барча жабҳаларида конституциявий назоратни кучайтиришимиз зарур. Бу эса пировард натижада инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, унинг шаъни, қадр-қиммати, мол-мулкининг дахлсизлигини сақлаш, фуқароларнинг меҳнат қилиш, таълим олиш, тиббий ёрдамдан фойдаланиш каби энг асосий ҳуқуқларини тўла таъминлаш имконини беради», дейди давлат раҳбари.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Энди ҳокимлар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни олиб қўя олмайди