21:45 / 18.09.2020
2 323

«Мен вирусдан куч олдим»

«Мен вирусдан куч олдим»
Инсоният бошига келган пандемияни ёмонлайвериб чарчадик. Тўғри, ёмонни ёмон дейиш керак. У кўп азобларга, айрилиқликларга, синовларга дучор қилди бизни. Яқин юз йилликлар ичида башарият кўрмаган оғир кунларни бошдан кечирдик. Бу эса, замондошим, сиз билан бизнинг чекимизга тушди.

Тарихга назар солсак, боболаримиз мустабид тузумга, оталаримиз Иккинчи жаҳон урушида, мана биз эса кўзга кўринмас ҳийлагар вирус маҳорабасида кураш олиб бордик. Қизиқ, рўбарўйингда душманинг турмаса, унинг кўзига қараб, кучи ва заиф томонини ҳис қилмай туриб жанг қилмоқ осон иш эмас экан. У сенинг ўнгинг ёки сўлингдан келадими, осмондан тушадими, ердан чиқадими, билмай қоларкансан. Фақат ёнингда турганлар йиқилгандагина кўрасан. Энг алам қиларли жойи эса, ўша азизларингга ҳеч қандай ёрдам қилолмайсан, даво тополмайсан. Ҳатто тобутини елкангда олиб, эҳтиром билан сўнгги манзилига қўя олмайсан. Ота ўғлидан, она қизидан, ака синглисидан бехабар, сув тутолмайди, бошини силолмайди... Ҳа, ҳар ким якка-якка ўлим билан олишди. Ёлғиз, бенаво, бедаво кунларни бошдан кечирдик...

Бир вақтлар Қўқон тераклари, яъни ёғочлари бошқа жойларникига нисбатан қимматроқ туришини эшитган эдим. Нега деб сўраганимда, у ернинг тераклари бақувват бўлади, чунки улар тинимсиз эсган шамолда ниҳоллигиданоқ чиниқади дейишган эди. Биз ҳам бугун ҳудди Қўқон теракларидек кучли бўлдик. Танимиз майишса-да, тикландик, пишдик. Эгилдик, букилдик, синмадик...

Вирус бизга кўп нарсаларни ўргатди. Одамнинг умри олдида яъни, соғлиғи ва хотиржамлиги олдида ҳамма нарса ўткинчи, бемаъно эканлигини, биз гердайиб минган мошиналар оддий темир, кийимларимиз оддий матоҳ, тақинчоқларимиз тош, пулларимиз қоғоз эканлигини кўзимизга кўрсатиб қўйди! Онгу шууримизга сингдириб қўйди. Уларнинг ўрнига меҳр, муҳаббат, инсоф, диёнат деган бебаҳо неъматларни қанчалар зарур эканлигини англатиб қўйди!

Мен ҳам коронавирус билан касалландим. Шунда билдимки, Оллоҳнинг берган бепул, беғараз, беътама ҳавоси нақадар улуғ мукофот экан...

Одамларни соғиндим. Тўю томошаларимизни, гап-гаштакларимизни, сайру саёҳатларимизни соғиндим. Малол келиб борадиган йиғинларни, чарчаб қайтадиган тадбирларни, кўчани соғиндим. Симёғочлару панжараларни, светафору кўприкларни соғиндим. Кетдик, фалон соатда, фалон жойда кўришамиз дейишларимизни, фалон куни бизникига келинг ёки сизникига бораман дейишларни соғиндим. Ниқобларсиз, қўлқопларсиз, дўкон айланишларни соғиндим. Ва айниқса, жигарларимни, фарзандларимни, яқинларимни, касбдошларимни, азизларимни бағримга босишни соғиндим, соғиндим...

Мана, энди айтингчи, шунча соғинч одамни ким қилади? Исёнкор қилади! Етмиш икки томирим ғайратга, шижоатга, муҳаббатга тўлди. Энди мен бошқа одам бўлдим. Одамларга, оламга меҳрим кўзларимдан тошиб кетди. Мен энди ҳаммани севадиган бўлиб қолдим. Мен энди дардкашроқ, дилкашроқ, эътиборлироқ, хушёрроқ бўлдим. Мен вирусдан куч олдим!

Фарида Бўтаева,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, шоира.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)