22:00 / 04.03.2021
1 412

Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 14-саммитида иштирок этиб, нутқ сўзлади

Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 14-саммитида иштирок этиб, нутқ сўзлади
Фото: Президент матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 4 март куни Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) видеоанжуман шаклида ўтган 14-саммити ишида иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон раислигида ўтган тадбирда Афғонистон президенти Ашраф Ғани, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Эрон президенти Ҳасан Руҳоний, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Покистон бош вазири Имрон Хон, шунингдек, ИҲТ бош котиби Ҳади Сулаймонпур ҳамда минтақавий тузилмалар раҳбарлари ҳам иштирок этди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Саммит кун тартибига мувофиқ COVID-19 пандемиясидан кейинги даврда ушбу нуфузли ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Давлат раҳбари ўз нутқида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ҳудуди – бу тарихи, дини, маданияти ва қадриятлари муштарак, улкан салоҳиятга эга бўлган минтақа эканини алоҳида таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати
Пандемия шароитларида мамлакатлар иқтисодиётининг кучли ва заиф томонлари яққол кўрингани қайд этилди. Ушбу хатар минтақа мамлакатлари бир-бирига ўзаро боғлиқ экани, савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш зарурлигини очиқ-ойдин намоён этди.

Шу билан бирга, ИҲТга аъзо мамлакатларнинг мавжуд салоҳияти ва кенг имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаяпти, деб таъкидлади Ўзбекистон Президенти.

Таъкидланишича, 2025 йилга қадар даврга мўлжаллаб қабул қилинган ҳаракатлар дастури доирасида кўп томонлама шерикликни ривожлантириш мақсадида давлат раҳбари томонидан қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилди.

Ўзаро савдо ва инвестицияларни кўпайтириш мақсадида карантин чора-тадбирлари доирасида ўрнатилган савдо, транспортга доир чеклов ва тўсиқларни бекор қилиш мақсадга мувофиқ экани қайд этилди. Бундан ташқари, савдони рақамлаштириш ва электрон тижоратни ривожлантириш борасидаги ечимларни кенг жорий этиш ҳамда савдо бўйича минтақавий битимни тез фурсатда қабул қилиш таклиф этилди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Ўзаро келишилган «йўл харитаси» асосида мамлакатларнинг етакчи корхоналари ўртасида саноат кооперациясини мустаҳкамлаш ҳам муҳим йўналишлардан бири сифатида қайд этилди. Бу борадаги лойиҳаларни илгари суриш учун молиявий ҳамкорлик механизмларини кенгайтириш ҳамда мамлакатларнинг етакчи банк институтлари иштирокида минтақавий форум ўтказиш таклиф этилди.

Транспорт-коммуникация соҳасидаги ҳамкорлик стратегик муҳим устувор йўналиш этиб белгиланди. Мамлакатимиз Ўзбекистон–Туркманистон–Эрон–Уммон ва Ўзбекистон–Қирғизистон–Хитой транспорт йўлакларини, Туркия ва Европа мамлакатларига элтувчи маршрутларни ривожлантиришдан манфаатдор.

Фото: Президент матбуот хизмати
Афғонистоннинг барқарор тараққиётини таъминлаш ва минтақавий иқтисодий жараёнларга интеграция қилиш мақсадида янги «Мозори-Шариф–Қобул–Пешавор» темир йўлини қуриш муҳим экани таъкидланди.

Шавкат Мирзиёев қайд этган яна бир муҳим йўналиш – озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш.

Шу муносабат билан БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти билан биргаликда тегишли дастурни ишлаб чиқиш ҳамда уни жорий йил мамлакатда ўтказилиши режалаштирилган ИҲТ давлатлари қишлоқ хўжалиги вазирларининг навбатдаги учрашувида тақдим этиш таклиф қилинди.

Энергетика ҳақида сўз юритар экан, Ўзбекистон Президенти соҳага, биринчи навбатда қайта тикланувчи энергетикага илғор технологик ечимлар ва инвестицияларни жалб қилиш мақсадида ўрта муддатли стратегияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Иқлим ўзгаришининг глобал оқибатларига қарши курашишда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлиги, соғлиқни сақлаш соҳасида, шу жумладан замонавий таҳдид ва хатарларни мониторинг қилиш ва уларга қарши тезкор чора кўриш бўйича ҳамкорликни кучайтириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Туркия ташкилотга самарали раислик қилгани учун президент Ражаб Тоййиб Эрдўғонга миннатдорлик билдириб, раислик Туркманистонга ўтгани муносабати билан президент Гурбангули Бердимуҳамедовни табриклади ва унга муваффақиятлар тилади.

Фото: Президент матбуот хизмати
Таъкидланишича, Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган, айниқса, Евросиё маконидаги минтақаларнинг иқтисодий ўзаро боғлиқлигини кучайтириш борасидаги муҳим ташаббуслари ва аниқ таклифлари бирлашмага аъзо мамлакатлар етакчилари томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди.

ИҲТга аъзо мамлакатлар етакчилари ўз нутқларида минтақада ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига, савдо, инвестициялар, инновациялар, транспорт ва коммуникациялар, энергетика, қишлоқ хўжалиги, саноат, соғлиқни сақлаш, туризм ва бошқа устувор йўналишларда қўшма лойиҳаларни илгари суришнинг истиқболларига тўхталди. Ташкилотнинг навбатдаги, 15-саммитини Туркманистонда ўтказиш юзасидан келишувга эришилди.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 14-саммитида иштирок этиб, нутқ сўзлади