23:18 / 20.02.2022
1 287

Ўзбекистон–АҚШ: ноёб занжирнинг 30 ҳалқаси

Ўзбекистон–АҚШ: ноёб занжирнинг 30 ҳалқаси
Дипломатик муносабатларнинг 30 йиллиги муносабати билан элчихоналар тайёрлаган логотиплар
Ўзбекистон ҳамда АҚШ ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига роппа-роса 30 йил тўлди. Ўзбекистон давлат мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган Вашингтон 1992 йил 19 февралда Тошкент билан расман дипломатик алоқаларни йўлга қўйган эди. Ўтган йиллар мобайнида икки мамлакат робиталари гоҳида асов уммон каби жўшқин, гоҳида сокин дарё каби вазмин кечди.

Энг муҳими, бир замонлар Абу Райҳон Беруний даҳоси кашф этган олисдаги сеҳрли диёр бизга яқинлашди. Икки давлат геосиёсатдан тортиб санъатга қадар – катта-кичик жабҳаларда мустаҳкам ришталар орқали боғланди. Дипломатик муносабатларнинг 30 йили баҳонасида Ўзбекистон–АҚШ ҳамкорлигига доир муҳим 30 ҳодиса ва фактни жамладик.

Оқсаройдан Оқ уйга салом: Ислом Каримов ва Билл Клинтон. Фото: AFP
I. Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 1993 йил сентябрь ойида илк бор АҚШга сафар қилиб, БМТ Бош ассамблеясида нутқ сўзлади. Уч йил ўтиб, 1996 йилнинг июнида амалга оширилган навбатдаги ташриф давомида Оқ уйда президент Билл Клинтон билан музокара ўтказди. Президентларнинг юзма-юз мулоқоти ўзаро муносабатларда «қибланамо» вазифасини ўтади.

II. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигига кўра, АҚШ билан ҳамкорлик комплекслилик, узоқ муддатли ва кўп қиррали жиҳатлари билан ажралиб туради. Томонлар бир қатор халқаро ва минтақавий муаммолар бўйича муштарак позицияга эга бўлиб, гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланиши, оммавий қирғин қуролларининг тарқалишига қарши кураш, шунингдек, Марказий Осиё ва Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этади.

III. 2019 йилда «Ўзбекистон» нашриётида америкалик олим ва дипломат Южин Скайлернинг (1840-1890) «Туркистон: Россия Туркистони, Қўқон, Бухоро ва Ғулжага саёҳат қайдлари» деб номланган китоби чоп этилди. АҚШнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида масъул лавозимларда ишлаган, жумладан, Москвада консул вазифасида фаолият юритган Ю.Скайлер 1870-йилларда Ўрта Осиёга саёҳат қилади. Бухоро, Хива, Тошкент, Қўқон шаҳарларини зиёрат қилган дипломат кейинроқ сафар таассуротларини китоб ҳолида чоп этади. Америкалик дипломатнинг Туркистон тарихи, маданияти ва анъаналари хусусидаги мулоҳазалари илмий жиҳатдан қадрли бўлибгина қолмай, икки мамлакат дипломатик муносабатларнинг илдизи анча олисга бориб тақалишидан далолат беради.

IV. Икки мамлакат кўп қиррали ҳамкорликда 100 дан зиёд ҳужжатлардан иборат бўлган ҳуқуқий асосга таянади. 2002 йил 12 мартда имзоланган Стратегик шериклик ва ҳамкорлик асослари тўғрисидаги декларация муҳим ўрин тутади.

V. АҚШнинг йирик ширкатлари Ўзбекистон билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Дунёга машҳур «General Motor» автомобилсозлик ривожига катта ҳисса қўшган. «Boeing» ширкати «Ўзбекистон ҳаво йўллари» компаниясига замонавий учоқлар етказиб бераётган бўлса, «General Electric» нефть-газ, соғлиқни сақлаш ва қайта тикланадиган энергия йўналишларида ҳамкор саналади. «Exxon Mobil», «CNH Industrial», «Coca Cola», «Hyatt», «Hilton», «John Deere», «Honeywell» каби ширкатлар ҳам юртимизда муваффақиятли фаолият юритиб келаётир.

АҚШнинг Ўзбекистондаги барча элчилари битта суратда. Коллаж: «Xabar.uz”
VI. Дипломатик муносабат ўрнатилганидан кўп ўтмай, 1992 йилнинг 16 мартида Тошкентда АҚШ элчихонаси иш бошлади. Ўтган йиллар мобайнида Ҳенри Кларк (1992-1995), Стэнли Эскудеро (1995-1997), Жозеф Пресел (1997-2000), Жон Ҳёрбст (2000-2003), Жон Пурнелл (2004-2007), Ричард Норланд (2007-2010), Жорж Крол (2011-2014), Памела Спратлен (2015-2018) каби дипломатлар АҚШ элчиси сифатида фаолият юритди. 2019 йилдан буён бу вазифасида Дэниел Розенблюм ишлаб келмоқда.

VII. 1993 йил февраль ойида АҚШда Ўзбекистон элчихонаси очилди. Ўтган чорак аср давомида Муҳаммадбобур Маликов (1993), Фотиҳ Тешабоев (1993-1996), Содиқ Сафоев (1996-2001), Шавкат Ҳамроқулов (2001-2003), Абдулазиз Комилов (2003-2010), Илҳом Неъматов (2010-2013), Бахтиёр Ғуломов (2013-2017), Жавлон Ваҳобов (2017 йилдан ҳозирга қадар) каби дипломатлар АҚШда мамлакатимизни тамсил этди. Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчилиги истиқболли лавозим ўлароқ баҳоланади. Айни пайтда собиқ элчилардан А.Комилов – ташқи ишлар вазири, С.Сафоев – Сенат раисининг биринчи ўринбосари, И.Неъматов – МДҲ Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари лавозимида фаолият юритмоқда.

VIII. 2001 йил 11 сентябрь фожиасидан кейин Афғонистон ҳудудида АҚШ бошчилигида террорга қарши кенг қамровли ҳарбий амалиёт бошланди. Ўзбекистон ҳамда АҚШ ўртасида 2001 йил 7 октябрда имзоланган битимга кўра, Қарши–Хонобод аэродроми вақтинча Пентагон тасарруфига берилди. АҚШ мудофаа кучлари ҳарбий базадан Афғонистондаги операцияни қўллаб-қувватлаш, хусусан, қидирув-қутқарув ва гуманитар операциялар мақсадида фойдаланган. Шу тариқа «К2» номи билан ҳам машҳур бўлган ҳарбий база 2001-2005 йиллар давомида Пентагон томонидан истифода этилди. 2005 йил 21 ноябрь куни АҚШга тегишли сўнгги самолёт Хонобод аэродромини тарк этди.

IX. 2010 йил декабрда Ўзбекистон ҳамда АҚШ ўртасида илм-фан ва технология соҳасида ҳамкорлик бўйича келишув имзоланди. 2018 йил 17 майда яна икки муҳим шартнома маъқулланди. Бунга кўра, Ўзбекистон ва АҚШ университетлари ўртасида алмашув дастурини йўлга қўйиш, Ўзбекистонда инглиз тилини ўрганишга қаратилган дастурларни молиялаштиришни кенгайтириш кўзда тутилган.

X. 1992 йилнинг февралида АҚШ давлат котиби Жеймс Бейкер Ўзбекистонга ташриф буюриб, президент Ислом Каримов билан музокара ўтказди. Бу АҚШ юқори мартабали мулозимининг юртимизга илк ташрифи эди. Кейинроқ Мадлен Олбрайт (2000), Колин Пауэлл (2001), Ҳиллари Клинтон (2010, 2011), Жон Керри (2015), Майк Помпео (2020) каби давлат котиблари мамлакатимизда меҳмон бўлди. Хусусан, 2020 йил 3 февраль куни Тошкентда президент Шавкат Мирзиёев билан учрашган Майк Помпео АҚШ томони Ўзбекистоннинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашда қатъий эканини яна бир бор тасдиқлади.

Тарихий учрашув: Шавкат Мирзиёев ва Дональд Трамп. Фотo: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.
XI. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ етакчиси Дональд Трампнинг таклифига биноан 2018 йил 15-17 май кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди. 16 йиллик танаффусдан кейин амалга оширилган ташриф ҳамкорликнинг янги уфқини очиб берди. Музокаралар якунида давлат раҳбарларининг «Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари: стратегик шериклик янги даврининг бошланиши» деб номланган Қўшма баёноти қабул қилинди. Икки мамлакат компаниялари ўртасида қарийб 4,8 миллиард долларли янги шартномалар имзоланди. Таҳлилчилар Мирзиёев–Трамп учрашувини «тарихий» деб атади.

XII. 2019 йил 28 сентябрь куни Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида таълим тараққиётига кўмаклашиш бўйича келишув имзоланди. Икки мамлакат ўртасидаги биринчи кенг қамровли грант шартномаси доирасида АҚШ ҳукумати келгуси беш йил давомида Ўзбекистон таълим тизимини қўллаб-қувватлаш учун 50 миллион доллар маблағ ажратади.

XIII. 2015 йил сентябрь ойида Нью-Йоркда АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатларининг «С5+1» форматидаги мулоқотига асос солинди. Мазкур мулоқот шакли 2015 йил ноябрда Самарқандда ўтган халқаро машваратда расман маъқулланди. Масалан, 2019 йил 22 сентябрь куни АҚШ мезбонлигида ўтган «С5+1» учрашувида ҳаёт-мамот масалалари муҳокама этилган.

XIV. Кейинги йилларда Ўзбекистон–АҚШ ўртасидаги парламентлараро алоқалар мустаҳкамланмоқда. Ўзбекистонлик сенатор ва депутатларнинг АҚШга сафари мунтазам ташкил этилмоқда. Ўз навбатда конгрессменлар ҳам бот-бот юртимизда меҳмон бўлмоқда. 2018 йил август ойида АҚШ Конгрессида Ўзбекистон бўйича Кокус (дўстлик гуруҳи) ташкил этилгани ҳам муҳим натижа саналади.

XI. Давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг умрбоқийлиги аввало халқлар орасидаги робиталарнинг мустаҳкамлигига боғлиқдир. Ҳозирга қадар Ўзбекистон ҳамда АҚШнинг учтадан шаҳри ўзаро биродарлик муносабатини ўрнатган: Тошкент – Сиэтл, Бухоро – Санта-Фе, Зарафшон – Клинтон.

Халқ таълими вазири (ҳозирда АКТ вазири) Шерзод
Шерматов ҳамда элчи Дэниел Розенблюм. Фото: АҚШ элчихонаси.

XVI. 2020 йил март ойида Ўзбекистонда АҚШнинг «English Speaking Nation: Secondary Teacher Training» дастури йўлга қўйилди. Қўшма Штатларнинг 5 млн доллар гранти ҳисобига амалга оширилаётган дастурдан кўзланган мақсад 3 йил давомида 15 мингдан зиёд инглиз тили ўқитувчиларининг билим ва малакасини оширишдан иборатдир.

XVII. Ҳиллари Клинтон АҚШнинг Ўзбекистонга кўп бора ташриф буюрган юқори мартабали мулозими саналади. У илк бор 1997 йилнинг ноябрида биринчи хоним, 2010 ҳамда 2011 йилларда эса давлат котиби мақомида юртимизда меҳмон бўлган. Ҳ.Клинтон қаламига мансуб «Бир болага етти маҳалла ота-она» китоби Тошкентда чоп этилган.

XVIII. Ўзбекистон ҳамда АҚШ ўртасида тиббиёт соҳасида ҳам ҳамкорлик мустаҳкамланиб бормоқда. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, АҚШ CОVID-19га қарши кураш учун CОVАХ дастури доирасида мамлакатимизга 5 миллион дозадан зиёд «Moderna» ва «Pfizer» вакциналари тақдим этди. Жорий йилнинг сентябрига қадар мамлакатимизга АҚШдан яна 5 миллион доза вакцина келиши кутилмоқда. Қайд этилишича, Қўшма Штатлар USAID ҳамда Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC) орқали коронавирусга қарши кураш учун Ўзбекистонга кўрсатган кўмак 16 миллион долларга етди.

XIX. 1995 йил 13 октябрда мудофаа вазирликлари имзолаган меморандум асосида ҳарбий ҳамкорлик йўлга қўйилган эди. Ўтган йиллар мобайнида вазирлар даражасидаги ташрифлар амалга оширилди. 2018 йили икки мамлакатнинг беш йиллик ҳарбий ҳамкорлик режаси қабул қилинди. 2019 йил январь ойида Миссисипида илк бор Ўзбекистон – АҚШ ҳарбий машқлари ўтказилди.

XI. 2019 йил 1 ноябрь куни Тошкентда АҚШнинг илк олий таълим маскани – Вебстер университети иш бошлади. Бу мазкур университетнинг МДҲдаги илк тўлақонли филиали саналади. 1915 йили Миссури штатида таъсис этилган Вебстер университети дунёда бизнес таълими бўйича етакчи олий таълим муассасаларидан бири ўлароқ эътироф этилган.

Бош дипломатлар Абдулазиз Комилов ва Энтони Блинкен. Фото: Давлат департаменти.
XXI. 2021 йил 1 июль куни давлат котиби Энтони Блинкен мамлакатимиз ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашувда АҚШ Ўзбекистон билан стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш истагида эканини маълум қилди. Э.Блинкен, айни чоқда, Ўзбекистонга инсон ҳуқуқлари ва демократия жабҳасида кечаётган ислоҳотлар борасида ҳам кўмак таклиф этди.

XXII. 2018 йилда кўп йиллик танаффусдан кейин Халқаро таълим бўйича Америка кенгашларининг Тошкентдаги офиси қайта очилди. Мазкур тузилма илмий, профессионал ва маданий алмашинувлар, тил ўргатиш, таълимни ривожлантириш ва тадқиқотлар орқали ўзаро ҳамфикрликни кучайтиришга хизмат қилади. Америка кенгашлари Ўзбекистонда «Future Leaders Exchange» (FLEX), «American Windows», «Uzbekistan Business Leaders» (UBL), «Central Asia University Partnership Program» (UNiCEN) каби 13 та дастурли портфолиога эга.

XXIII. 2021 йилда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги савдо айланмаси 424,5 миллион долларга етди. Бу пандемияга қадар бўлган кўрсаткичдан 53 фоиз кўпдир. 2018 йил октябрь ойида Тошкентга ташриф буюрган АҚШ савдо вазири Уилбур Росс савдо, саноат ва юксак технологиялар, қишлоқ хўжалиги, логистика ва транспорт соҳаларида йирик лойиҳаларни амалга ошириш ва савдо айланмаси ҳажмини янада оширишни таклиф этганди. Ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида АҚШ–Ўзбекистон савдо палатаси таъсис қилинган. Америка томонидан юртимизга киритилган сармоя 1 миллиард доллардан ошди. АҚШ Ўзбекистоннинг нуфузли иқтисодий тузилма – Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини фаол қўллаб-қувватламоқда.

XXIV. Ўзбeкистоннинг Ташқи сиёсий фаолият концeпциясида АҚШ билан ҳамкорлик устувор йўналишлардан бири ўлароқ белгиланган. Расмий Вашингтоннинг 2019-2025 йилларда Марказий Осиё минтақаси бўйича стратегиясида ҳам Ўзбекистон билан турли соҳалардаги робиталарга устувор аҳамият қаратилган.

XXV. Таниқли сиёсатшунос, ўз даврида президент Жимми Картернинг маслаҳатчиси лавозимида фаолият юритган Збигнев Бжезинский 1990-йиллардаёқ Вашингтон ҳамда Тошкентнинг стратегик ҳамкорлиги ҳақида гапириб, Ўзбекистон минтақада етакчиликка асосий номзод эканини таъкидлаган эди. 2019 йилда эса АҚШ мудофаа вазири Жеймс Маттис Ўзбекистонни минтақадаги муҳим геостратегик давлат деб атади.

Юқори мартабали мулозим Дональд Лу машҳур ошпаз Баҳриддин Чустий билан ош дамламоқда. Фото: АҚШ элчихонаси.
XXVI. Ўтган йилдан бошлаб Ўзбекистон ва АҚШ йиллик сиёсий маслаҳатлашувлар формати стратегик шериклик мулоқоти даражасига кўтарилди. 2021 йил 13 декабрь куни давлат котибининг ёрдамчиси Дональд Лу ҳамда ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик мулоқотининг биринчи мажлисида иштирок этди.

XXVII. 2019 йил 27 февраль куни АҚШ давлат департаментининг юқори мартабали вакили – Элис Уэллс Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида нутқ сўзлаб, мамлакатлар ўртасидаги робиталарнинг тарихий илдизларига эътибор қаратди. «Хоразмлик буюк олим ал-Беруний XI асрдаёқ биз яшаб турган дунё илгари тасаввур қилинганидан анчагина катта эканини тушуниб етган. Кўплаб олимлар Ернинг ясси эканига ишонган кезларда у Ер шарининг нариги бурчагида ҳали ҳеч кимга номаълум бир қитъа мавжудлигини англаган. Ўша сеҳрли диёр – АҚШ бугун халқлар учун ошиён вазифасини ўтамоқда. Узоқ тарихда, Буюк Искандар давридан то Италия савдо шаҳарчалари юзага келгунча, Ўрта Осиё халқаро алмашув учун чорраҳа вазифасини ўтаб келган. Айни пайтда Марказий Осиёнинг тўлиқ салоҳиятини тиклаш вақти келди», – деди Уэллс хоним.

XXVIII. Америкалик тадқиқотчи ва таржимон Марк Риз ўзбек насрининг шоҳ асари – «Ўткан кунлар» романини «Bygone days» номи билан инглиз тилига таржима қилди. Асар 2020 йили китоб ҳолида чоп этилди. Марк Риз роман таржимасига 15 йил умрини сарфлади.

XXIX. АҚШ раҳбари Жо Байден 2021 йил март ойида президент Шавкат Мирзиёевга Наврўз байрами баҳонасида мухтасар мактуб йўллаб, икки жиҳатга урғу берди. «Кейинги йилларда Сиз муҳим ислоҳотларни амалга оширдингиз ва менинг администрациям бу муваффақиятни давом эттириш учун мамлакатингиз билан ҳамкорлик қилишга тайёр. Биз, шунингдек, беш йил аввал давлат котиби Жон Керри раҳбарлигида бошланган «C5+1» мулоқоти доирасидаги ҳамкорлик давом этишидан умидвормиз», – дейилади президент Байден номасида.

XXX. АҚШ элчиси Дэниел Розенблюм дипломатик муносабатларнинг 30 йиллиги муносабати билан анъанага кўра ўзбек тилида мурожаат йўллади.

«Мен икки буюк халқ ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатларни янада яхшилаш учун қўлимдан келган барча ишни қилмоқдаман. Аммо шуни ҳар доим биламанки, менинг бу ердаги фаолиятим бир бутун ўттиз йиллик занжирнинг яқин йиллардаги ҳалқаси, холос», – деди у. Айни чоқда, элчи 30 йиллик ҳамкорлик ва дўстлик учун миннатдорлик изҳор этди.

Cобир Cалим тайёрлади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистон–АҚШ: ноёб занжирнинг 30 ҳалқаси