Хави Симонс ижтимоий тармоқларда Савинҳонинг Тоттенхемга ўтишига шама қилди

Тоттенхем плеймейкери Хави Симонс собиқ жамоадоши Савинҳо билан яна бир клубда бирлашиши мумкинлигига шама қилиб, “шпорлар” мухлисларини ҳаяжонга солди. Шимолий Лондон клуби Манчестер Сити қанот ҳужумчисини Тоттенхем Ҳотспур Стадиумга олиб келиш устида фаол иш олиб бормоқда. Бразилиялик футболчи учун Этиҳад стадиони даги ўтган мавсум анча омадсиз кечди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Хави Симонс ўзининг Instagram саҳифасидаги фаоллиги орқали Савинҳо Тоттенхемнинг ёзги трансферлар рўйхатида юқори ўринда турганини тасдиқлагандек бўлди. Ушбу икки футболчи ўз вақтида PSV жамоасида бирга тўп суришган. Симонснинг ижтимоий тармоқлардаги ҳаракатлари Манчестер Сити таркибида ўз ўрнини топа олмаётган вингернинг трансфери тезлашаётганидан далолат бермоқда.
Бразилиялик вингер 2025-26-йилги Англия Премер-лигаси якунига кўра жамоа учун кераксиз деб ҳисобланмоқда. Ўтган йили 2031-йилгача мўлжалланган узоқ муддатли шартнома имзолаганига қарамай, Савинҳо яқинда клубни тарк этган Пеп Гуардиола қўл остида асосий таркибдан жой ололмади. Тоттенхем эса ўтган омадсиз мавсумдан сўнг таркибни қайта шакллантиришга шошилмоқда.
Трансфер эксперти Fabrizio Romano берган маълумотларга кўра, Савинҳонинг Тоттенхемга ўтиши бўйича музокаралар давом этмоқда ва жараён ижобий томонга силжимоқда. Манчестер Сити 22 ёшли футболчини тахминан 60 миллион фунт стерлингга баҳоламоқда. Янги мураббий Энзо Мареска таркибни янгилашни мақсад қилгани сабабли, клуб муносиб таклиф тушса, футболчини сотишга тайёр.
Савинҳонинг ўзи ҳам кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиш учун Лондон клубига ўтишга розилик берган. Тоттенхем раҳбарияти ўтган мавсумдаги хавфли ҳудуддан узоқлашиш ва ҳужумкорликни ошириш учун бразилиялик футболчини асосий нишон сифатида кўрмоқда. Fabrizio Romano Х платформасида: “Савинҳо бўйича музокаралар яхши кетмоқда, Тоттенхем футболчининг ўзи ҳам бу трансферни хоҳлаётганига ишонади”, дея хабар қолдирди.





























Изоҳлар 0
…