Килиан Мбаппе ва Жаҳон чемпионати: Реал Мадрид юлдузи учун нажот турнири

2026-йилги Жаҳон чемпионати бошланишига саноқли кунлар қолаётган бўлса-да, Килиан Мбаппе атрофидаги шов-шувлар кутилганидан пастроқ. Бунга сабаб сифатида ҳужумчининг Реал Мадрид сафидаги омадсиз мавсумини кўрсатиш мумкин. Бернабеу мухлислари билан муносабатлари ёмонлашган футболчи учун Шимолий Америкадаги турнир ўзини қайта кашф этиш ва клубдаги босимдан қутулиш учун ажойиб имкониятдир. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Мбаппе якунланган мавсумда сермаҳсуллик кўрсатган бўлса-да, бирорта йирик совринга эга чиқа олмади. Мадрид клуби ичидаги можаролар ва раҳбарият билан юзага келган тушунмовчиликлар фонида у мухлислар назаридан қолди. Эндиликда 27 ёшли ҳужумчи бор эътиборини Франция терма жамоасига қаратиб, 2022-йилги финалдаги мағлубият аламини олиш ва жаҳон тожини қайтаришни мақсад қилган.
Статистикага назар ташласак, Мбаппе Ла Лигада 25 та, Чемпионлар лигаси ва Испания кубогида эса 17 та гол уриб, умумий 40 талик довонни забт этди. Бироқ мавсумнинг иккинчи ярми у учун анча оғир кечди. Феврал ойидан бошлаб жароҳатлар ва вақтинчалик бош мураббий Альваро Арбелоа билан юзага келган совуқ муносабатлар туфайли у бор-йўғи 4 бор рақиблар дарвозасини ишғол қила олди.
Реал Мадрид учун бу кетма-кет иккинчи совринсиз мавсум бўлди. 2024-йилда Пари Сен-Жермен клубидан эркин агент сифатида кўчиб ўтган Мбаппе ҳали ҳам Мадридда ўз ўрнини тўлиқ топа олгани йўқ. Шунга қарамай, Жаҳон чемпионати — бу унинг севимли майдони ва у Шимолий Америкада яна бир бор тарих ёзишга тайёр.





























Изоҳлар 0
…