Ювентус ҳужум чизиғини Александер Сорлот ва Рандал Коло Муани билан кучайтирмоқда

Туриннинг Ювентус клуби янги мавсум олдидан ҳужум чизиғини тубдан янгилаш мақсадида трансфер бозорида фаоллашди. "Бянконери" раҳбарияти Атлетико Мадрид ҳужумчиси Александер Сорлот трансферини устувор вазифа деб билмоқда, шундан сўнг бор эътиборини PSJ юлдузи Рандал Коло Муанини қўлга киритишга қаратади. Норвегиялик ҳужумчи билан музокаралар ижобий якунланган ва у Турин клуби билан йилига 4 миллион евро маош оладиган тўрт йиллик шартномага розилик берган. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Ҳозирда Атлетико Мадрид билан трансфер суммаси бўйича келишувга эришиш қолди. Испания клуби ўз форварди учун 30 миллион евродан кўпроқ маблағ талаб қилмоқда. Шунга қарамай, икки клуб ўртасидаги муносабатлар яхши эканлиги ва ўтган мавсумни Мадридда ижара асосида ўтказган Нико Гонзалез омили ушбу келишувни осонлаштириши кутилмоқда.
Шунингдек, Ювентус PSJ ҳужумчиси Рандал Коло Муанини ҳам ўз сафига қайтаришни режалаштирмоқда. Франциялик футболчи аввалроқ Туринда ижара асосида тўп суриб, 22 ўйинда 10 та гол уришга муваффақ бўлган эди. Парижликлар ҳужумчи учун 40 миллион евро сўрашмоқда, бироқ тўлов усуллари бўйича ён беришга тайёр эканликларини билдиришган.
Ҳужумчиларни сотиб олиш зарурати Душан Влахович билан шартномани узайтириш бўйича музокаралар муваффақиятсиз якунлангани билан боғлиқ. Сербия терма жамоаси аъзоси июн ойи охирида клубни эркин агент сифатида тарк этади. Томонлар маош масаласида келиша олишмади: Влахович 8 миллион евро талаб қилган бўлса, клуб 6 миллион евродан ортиқ таклиф қила олмаслигини маълум қилди.
Клуб нафақат ҳужумда, балки ҳимоя ва дарвоза чизиғида ҳам ўзгаришлар қилмоқда. Ливерпул посбони Алиссон трансфери амалга ошмагач, Ювентус эътиборини Астон Вилла дарвозабони Эмилиано Мартинезга қаратди. Бош мураббий Луциано Спаллетти янги мавсумда А Серия чемпионлигини қайтариш учун жамоани ҳар томонлама кучайтиришни мақсад қилган.





























Изоҳлар 0
…